26.02.2015

БИР ОЙДА ЕТТИ ЮЗ ОИЛА АЖРАШДИ


Шу йилнинг январь ойида Қирғизистонда 688 оила ажрашган. Давлат рўйҳатга олиш хизмати маълумотига кўра, ажрашиш ҳоллари Жалолобод областида энг кўп кузатилган. Ҳудудда бир ойнинг ичида 104 оила ажрашган. Иккинчи ўринда Ўш шаҳри туради. Ўшда январь ойида ажрашган оилалар сони 35га етган, деб ҳабар қилади Азаттиқ радиоси.

ИСМНИ АЛМАШТИРИБ, “ҚОРА РЎЙХАТ”ДАН ЧИҚИШ МУМКИНМИ?


Қирғизистонда ўз исми-шарифини ўзгартираётганлар сони тобора ўсиб бормоқда. Ресбуликанинг бош қомусига кўра 16 ёшдан ошган ҳар бир фуқаро ўз исм, фамилиясини ўзгартиришга ҳақли. Бу учун икки сабаб бор экани айтилади. Исмнинг маъноси хунук бўлса ёки айтилиши жуда қийин бўлса, ўзгартириш мумкин. Лекин, Ўш шаҳридаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ЗАГС) бўлимининг бош мутахассиси Уруят Курманалиева сўнгги вақтларда исм ўзгартириш ҳолати оммавий тус олаётганини билдирди. Унинг айтишича исмини ўзгартиришни истаётганларнинг кўпида тайинли асос ҳам йўқ. Бироқ, шунга қарамай қонун бунга йўл беради.

25.02.2015

Қирғизистонликларни Сурияга нима ундайди?

 “Озодлик”нинг қирғиз хизмати болгариялик профессор Татьяна Дроздинанинг қирғизистонликларнинг Сурияга кетиши борасидаги изланиш хулосаларини эълон қилди.
Профессор Сурия жангоҳларида юрган 30 нафар қирғизистонликнинг ҳаёт тарзини уларнинг яқинлари, матбуотда улар ҳақида берилган маълумотлар ва уч нафари билан шахсан суҳбатлашиш орқали ўрганиб чиққан.
 Татьяна Дроздина Сурияга кетганлар орасида эркаклар, аёллар шу билан бирга ўз истагидан ташқари кетган болалар ҳам борлигини айтади. Айтилишича, уларнинг орасида эс-хуши жойида бўлмаганлари ҳам бор.

21.02.2015

Инсон руҳида хам қиёматлар бор

Рислиғой ҲОТАМОВА
Инсон руҳида ҳам қиёматлар бор.
Оғир синовлар бор ,синоатлар бор.
Муҳаббат сал чалғиб турган маҳалда.
Сезилмасдан ўтган хиёнатлар бор.

Меҳр беролмасанг қийноққа кўндим.
Дийдор беролмасанг фироққа кўндим.
Сен мени бошқага берма илтимос
Бошқанинг қўлида келмайди ўлгим.
Уларда бошқача итоатлар бор.

20.02.2015

Ўтмиши ва келажаги бир қардош халқлар


профессор  Накен Касиев
Қирғиз ва ўзбек халқлари этногенетик яъни келиб чиқишлари томондан томирлари бир, минглаган йиллардан буён елкадош бўлиб, қўшничиликда яшаган халқлар сарасига кирадилар. Улар тарихнинг зафарли йўлларини бирга босиб ўтишган. Шу билан бирга,  қирғиз ва ўзбекларнинг бошига мушкулликлар тушганда, тор йўллар ва тайғоқ кечувлардан бир-бирларини қўллаган, тиркаган ҳолда ўтиб келган.

Раҳимжон Али билан суҳбат (видео)

Бугунги меҳмонимиз ўшлик ёш шоир Раҳимжон Али бўлди. Бу видео орқали сиз унинг адабиёт, илҳом ҳақидаги фикрлари ҳамда янги шеърлари билан таниша оласиз.



19.02.2015

Сканворд


“ДЕМО” ИЗХОРИ

Раъно Эназарова
ТУРОН

 14-февралда Ўшдаги Бобур академик театрида “Демо” гуруҳининг “Изхор” деб номланган концерт дастури бўлиши кутилмоқда. Концерт олдидан “биз” “Демо”чилар билан мухтасар суҳбат уюштирдик.  “Демо” ҳақида маълумот йўқлар учун маълумот қатори айтишимиз мумкинки, бу гуруҳда   20 ёшли Турон Азимов  ва 1992 йил 12- сентябрда туғилган Жамол (асл исми Жахонгир Ибрагимов) ижод қилиб келади.
Асосан реп ва поп йўналишида қўшиқлар яратувчи бу йигитлар бу сафар ҳам гуруҳнинг номинима учун “Демо” эканини изоҳлашига тўғри келди.

Муфтият: Ислом эмлашга қарши эмас


Қирғизистон мусулмонларининг дин бошқармалиги шарият болаларни эмлашга қарши эмаслиги тўғрисида ўз сайти орқали маълумот тарқатди.
Бунга сўнгги йилларда айрим мусулмонларнинг фарзандларининг эмланишига қарши бўлиб келаётгани сабаб бўлган.

НОВВОЙНИНГ 1 КУНИ


Ўш шаҳрида тунги соат уч. Одатда бу маҳалда   аҳолининг асосий қисми тинч уйқуда бўлади. Бироқ  хали хўроз хам қичқиришга улгурмай,   бир касб эгалари ўз ишларини  бошлаш учун енг шимаришади. Ҳа, тўғри тахмин қилдингиз. Булар новвойчилар. Шаҳримиздаги новвойхоналарнинг бирида бўлиб, новвойлар билан суҳбат қуришга ҳаркат қилдик. Улардан бири эса Алишер.  
Алишер 17 ёшда. Бу новвойхонада хамир қорувчи бўлиб ишлаганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Болалигиданоқ отасига ёрдам бериб келган қаҳрамонимиз энди мустақил хамир қориб, иш бошлаган даври.
Аппарат ёрдамида тайёрланган хамирни ёғочдан ясалган идишга солиб қорилади. Асосан хамирни маромига етказиш учун жисмоний куч талаб қилинганлиги боис, кўпинча бу йўналишда йигитлар ишлайди. Алишер кунига 3 қоп ундан хамир қилади.
Обдон қорилган хамир  ярим соат ўтиб,  Яхёбекнинг қўлига ўтди. У хамирларни   граммларга бўлиб, зувала қилади. Бошида ҳар бир нарсани торозига солиб,  тортиб турса, ҳозир нонвой кўз ўлчовига ишонади. Биринчи қопни тунги соат учда тайёрлаган бўлса, тонг сахаргача учинчисини ҳам битиради.

МУҒАННИЙ: ЎЛМАСДАН ЎЛГАН У - ЎЛМАЙДИ



МУҒАННИЙ
Қирғизистондаги ўзбек адабиётининг забардаст дарғаларидан, замонавий ғазалчиликнинг устунларидан бири устоз Муғанний вафот этганига ҳам саккиз ойдан ўтди. Шоир бир тоғ каби узоқлашгани сари бор салобати билан зеҳнимизда намоён бўлиб бормоқда. Муғанний тахаллуси билан танилган Шоир Ғанижон Холматов 5 февралда таваллуд топган эди. Шу муносабат билан бундан икки йил аввал бир мажмуа учун тайёрланган анкетамизга Муғанний домла берган жавобларини илк бор сизга хавола қилмоқчимиз.   

Ўшда Муғанний таваллуди нишонланди

Раҳимжон АЛИЖОНОВ, Ўш

Февраль ойи адабиётсеварларнинг ойи десак, муболаға бўлмаса керак. Сабаби, бу ойда икки буюк шоирларимиз Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг таваллуд топган кунлари бор. Шунинг учун кўпгина мактабларда, театр ва бошқа адабий тўгаракларда устозларнинг таваллудлари нишонланади. Бугунги кунга келиб, Ўшнинг бетакрор шоири, ғазалнавис ва ориф шоир Ғанижон Холматов (Муғанний)нинг ҳам таваллуди шу ойда нишонланиши анъанага айланиб бормоқда.
Устоз шоиримиз 1949
-йилнинг 5-февралида Ўш шаҳрида дунёга келган. Агар бу йил ҳаёт бўлганида 66 ёшини қарши олган бўлар эди. Айни шу куни устознинг ўзи ўқиган мактаб – Ленин мактабида шоирнинг таваллуди нишонланди.

 “Муғаннийни эслаб” деб номланган бу тадбирда асосан 8-“А”синф ўқувчилари иштирок этишди. Тадбирда шоир томонидан ёзилган шеърлар, ғазаллар, тўртликлар ижро этилди. Шунингдек шоир қаламига мансуб бўлган қўшиқларга рақслар ижро этилди. Шоирнинг 2008-йилда берилган суҳбатидан видеолавҳа ҳам намойиш қилинди. Тадбирга Қирғизистоннинг таниқли артистлари Дилором Соипова, Ҳамидулло Матхолиқов ҳамда театр бош режиссёри Набижон Сабр иштирок этдилар. 

Шоу-БИЗ (Ўш)

4000 долларлик клипни кўрайлик-чи

Ўзининг “Чинарооо” қўшиғи билан мухлислар қалбидан жой эгаллаган Тинчтикбек Айилчиев “Кайрилгис элес” қўшиғига клип суратга олмоқда. Бу клипга 4000 доллар сарфланиши айтилмоқда.
“Гап пулда эмас, менинг мақсадим қўшиқ ва клип ўз тингловчиларини топса, маъқул кўрилса меҳнатимнинг зое кетмагини шудир”, дейди қўшиқчи.
Шунингдек, баҳор учун 3 янги қўшиқ тайёрлаётганини ҳам билдирди.







Россиядаги йигитлар ўлани


Муаллиф- Бобомурод Раҳматуллаев 1979-йилнинг 2–ноябрида Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги Оқсув қишлоқ ҳукуматига қарашли Чўянчи қишлоғида туғилган. Ю.Пўлатов номидаги ўрта мактабда қирғиз тили, ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. 2012-йилда “Мовий ҳислар” номли илк шеърий тўплами нашрдан чиққан.

СОҒИНЧ


Муаллиф - Матлюбахон Мусабоева 1957-йилнинг 26-мартида Ўш вилояти Ўзган шаҳрида туғилган.
1974-йили ўрта мактабни тамомлаб, Тожикистон Республикасининг Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) шаҳридаги педагогика институтининг ўзбек филологияси бўлимида таълим олган.
            1978 йилдан то шу кунга қадар ўзган шаҳри мактабларида ўқитувчи, илмий бўлим мудири, директор лавозимларида фаолият олиб борган. Муаллифнинг “Дийдор”(1998й), “Илтижо” (2008й)  шеърий тўпламларим,  “Соғинч” (2007й) ҳикоялар ва эсселар тўпламим, “Синов”қисса ва ҳикоялар тўпламлари  нашрдан чиққан.

Ўткирбек Абдумўминов: “Ёшларнинг ўзини танишига имкон бўлмаяпти...”


Бугунги кунда ёшларнинг илмга, маънавиятга бўлган қизиқиши тобора пасайиб бораётгани ҳақида кўп айтилмоқда. Бироқ, қирғизистонлик ёшларнинг ичида ўз илми билан келажак учун пойдевор яратаётганлар, маънавий, руҳий дунёсини бойитишга интилиб яшаётганлар ҳам бор. Улардан бири Ўткирбек Абдумўминов.
У 1987-йили Ўш шаҳрида туғилган. Қорасув районига қарашли “Чўлпон” ўрта мактабини аъло баҳолар билан ўқиди.1998 йили Қирғиз-Турк лицейида таълим олган. 2003 йилда эса Туркиянинг Анқара шаҳридаги университетлардан бирининг Тиббиёт факультетида ўқий бошлади. Ҳозирда Газа университетига қарашли шифохонада тажриба ортирмоқда. Оилали, бир фарзанднинг отаси.
 Ўткирбек билан суҳбатимиз унинг бугунги жамиятимиз ҳақидаги мулоҳазалари ҳақида бўлди.  
Ўткирбек Абдумўминов

ТУҒМА НУҚСОН БИЛАН ТУҒИЛИШ СОНИ ЎСМОҚДА


Раъно Эназарова

Ўш вилоятида туғма нуқсон билан туғилаётган болаларнинг сони ўсмоқда. Шифокорлар бунга оналарнинг ўз соғлиқларига етарли даражада эътибор бермасликлари сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2013 йили Ўш вилоятида 200 нафарга яқин нуқсонли чақалоқ дунёга келган бўлса, 2014 йилда туғилган 7023 боланинг 289 нафари туғма нуқсон билан ёки муддатидан аввал туғилган. Ўш вилоят туғруқхонасининг жонлантириш бўлимининг раҳбари Гулжан Акматова уларнинг ичидан 34 чақалоқ яшаб кетолмаганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
Шифокорнинг билдиришича, туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болалар кўпроқ рўйхатга олинмоқда. Бундан ташқари, маълумотларга кўра туғма ичак тутилишлари, ингичка ва йўғон ичак атрезияси, урологик нуқсонлар ҳамда асаб тизими билан боғлиқ туғма нуқсонлар билан туғилишлар учрайди.

“ОКЕЙ”ДАН БУРАТИНО ЭРТАГИ


     
4-январь куни Ўшдаги “Бобур” театрида биринчи бор ҳаваскор ёшлар томонидан “Буратино эртаги” деб номланган ҳазил томоша тақдим этилмоқда.  Қирғизистондаги ўзбек томошабинларининг ҳам қўшни давлатдаги “Миллион”, “Дизайн” каби жамоалардан хабари борлигидан шубҳа йўқ. “Биз”нинг бугунги меҳмонимиз “ОК” гуруҳи ҳам  “Миллион” йигитлари каби аввалига “Ынтымак” ХЖТРКси томонидан ташкил этилган “Қувноқлар ва зукколар” ўйинларида иштирок этишган. Эндиликда эса, ўзлари каби гуруҳлар орасида биринчилардан бўлиб ўз томошаларини қўйишга куч топа олишди. “Ок” жамоасининг ташкил топиши ва концерт ҳақида маълумот олиш мақсадида жамоанинг икки аъзоси Ботиржон Носиров ва Мирзохид Нажимидинов билан қисқача суҳбат уюштирдик.

Нима эксанг шуни ўрасан


Ўткирбек Абдумўминов

"Ўқиб нима қиласан?" деган гапни болалигимда кўп эшитганман. Устига устак ўқиш учун пул ҳам тўланиши кераклигини эшитишгач, айни савол яна такрорланарди. Қирғизистоннинг Туркиядаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Қирғизистон Халқ Артисти Ибрагим Жунусов, бизнинг лицей битирув кечамизга қатнашиб бир Хитой мақолини айтиб берганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Мақол шундан иборат: "Бир йиллик фойдани кўзлаган гуруч етиштириши, ўн йиллик фойда учун дарахт етиштириши,

КИТОБЛАР ЯШАБ ҚОЛАДИМИ?


Раҳимжон АЛИ

Яқинда китоблар ҳақида бир маълумот ўқиб қолдим. Бунда китобларнинг яшаши ёки яшамаслиги ҳақида сўз юритилган. Қарангки технология ривожланаётган XXI асрда китоблар яшайдими мавзуси турли ҳил қарашларни юзага келтирмоқда. Хақиқатдан ҳам ўйлаб кўрсак, китобларга эҳтиёж сезилмаётгандай кўринади гўё. Ҳозирда, интернет  бутун дунёни қамраб олган бир пайтда, у орқали исталган мавзуга жавоб топилади. Тўғри-да, фалон пул сарфлаб китоб сотиб олгандан кўра интернетдан мазкур маълумотни юклаб олиш қулай-ку! Ёки турли туман сайтлардан ҳатто ўзингизга ҳам номаълум бўлган ажойиботларга эга бўлишингиз мумкин. Ёки бирор бир янгиликни "нами қуримай” ўқишингиз мумкин, ва ҳоказо...

Данияр Садиев: “Ынтымак” кимники? Бу ҳақда кўп сўрашади...



Йил якунланар экан, одатда инсон ортига бир боқиб, сарҳисоб қилади, келаётган йилга атаб режалар тузади. Ўшда ташкил этилган “Ынтымак” телерадиокомпаниясининг бош директори билан ўтказган суҳбатимиз ҳам эски йил сархисоблари ва янги режалар ҳақида бўлди.
"Ынтымак"ТРКсининг янгиликлар бўлими 
 -Данияр ака суҳбатимизни “Ынтымак” худудий жамоат телерадиокомпаниясининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳақидаги савол билан бошласак.
 - Компаниянинг очилиши- биринчидан, худудий ОАВларининг даражасини кўтариш, янги босқичга оиб чиқиш. Бизнинг телевидение кўп тилли. Биласизлар, бошқа худудий телевидениелар бир тилдагина дастурлар тайёрлайди. Яна бир энг асосий мақсадимиз худудда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, миллатлар аро маданий алоқаларни кучайтириш ҳисобланади. Икки йил мобайнида турли тушунмовчиликлар, ҳар хил саволлар ҳам бўлиб турди. Ҳозир аста-секин бизнинг олиб бораётан сиёсатимизга, ишимизга гувоҳ бўлганларда шубҳали саволлар йўқ бўла бошлади. Телевидениенинг рейтинги юқорилаб, ўз томошабинларига эга бўла бошлади. Бу билан мақсадларимизга ета бошладик десак бўлади.

Ўн адирдаги “Ёшлар маркази” 3 ёшга тўлди


Ўшнинг Амир-Темур ҳудудий кенгашида ташкил қилинган  “Ёшлар маркази”нинг ташкил этилганига бу йил уч йил бўлди.
 Мазкур  марказда бугунги кунда 400 нафардан  ортиқ кўнгилли ёшлар турли. Шунингдек, бу ерда  ўн нафарга яқин мактаб ўқувчилари бепул тил ўрганиш ва компьютер курсларида  савод оширишади.

Эмансипация

Муаллиф - МУСОФИР (Ўш)

( Ҳикоя )

Аҳрор охирги рейсни йиғиштирди. Диспетчерга "лапа" қилди-ю, боғчага шошди. Тўрт яшар Лола тарбиячиларнинг "адабини бераётгандир"...
Даранглаб очилган дарвоза ортидан қоп-қоронғи ҳовли файзсиз, ҳувиллаб кўринди. Кечагина супурилган йўлакларни яна ҳазон қоплаб ётибди. Имирсилаб ёғаётган ёмғир, ўчиб қолган чироқ, совуқ уй... Кайфияти бузилди. Келгунча қўлида ухлаб қолган қизини каравотчасига авайлаб ётқизди. Устига кўрпачани ёпди. Ошхонага чиқиб овқатга уннади ( яхшиям саҳарлаб печкани тайёрлаб кетган )...
Димламанинг ҳиди димоғини қанчалик қитиқламасин, иштаҳаси бўғилди. Қозон тувоғини ҳафсаласизлик билан ёпди-ю, айвон лабига чиқиб сигарет тутатди. Қизи пишиллаб ухлаяпти, хотини ишдан келишига ҳали икки соатча бор. Ҳар куни шу аҳвол...

Ўш Ўзбек академик театри 95 йиллигини нишонлади


Тошкентдаги Миллий театрдан сўнг Марказий Осиёнинг энг кекса театри ҳисобланадиган Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик мусиқали драма театри 29 ноябрда ўзининг 95 йиллик юбилейини нишонлади. Бобур театри Қирғизистонда 1918 йилда энг биринчи бўлиб ташкил этилган санъат даргоҳидир.

95 йиллик шодиёнада Қирғизистоннинг барча ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди. Театр санъаткорларини Қирғизистон парламенти депутатлари, давлат, жамоат ва маданият арбоблари қутлади.
Сўзга чиққан меҳмонлар Бобур театри икки ҳалқнинг, яъни қирғиз ва ўзбек халқлари маданияти орасида кўприк бўлганлигини, икки ҳалқнинг дўстлигини мустаҳкамлашда мазкур театрнинг ўрни беқиёс эканлигини айтиб ўтишди.

Театр саҳнасида 95 йил давомида600дан ортиқ спектакллар саҳналаштирилди. Театрнинг Неъматжон Неъматов, Толибжон Баъдинов, Турсунхон Солиева, Ойтожи Шобдонова, Бахтиёржон Тўхтаматов, Розияхон Мўминовакаби ўндан ортиқ санъаткорлари Қирғизистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Бугунги кунда Ўшда театр санъаткорлари номига қўйилган Розияхон Мўминова, Неъматжон Неъматов каби кўчалар бор.

ҚОРА БЕЛБОҒ СОҲИБИ АБРОР

Оқ кийимда Аброр Хакимов

Олма-Отада бўлиб ўтган Таэквон-до ITF  бўйича Осиё кубогида Ўшдан борган спортчилар 3 олтин медални қўлга киритиб кайтишди.   21- 23-ноябрь күнлари Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида ўтган мазкур мусобақада  ўн бир давлатдан келган 10 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўспиримлар иштирок этди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Молдова, Грузия ва Россия мамлакатлари орасидан Қирғизистон 3-ўринни эгаллади. Қирғизистон номидан жами 33 спортчи иштирок этиб, 30 нафари 10 олтин, 7 кумуш ва 13 бронза медали сохиби бўлишган. Улардан 8 медал Ўшлик спортчиларга тегишли. Муваффақият билан қайтган спортчилар орасида Аброр Хакимов ҳам бор. У мусобақадан олтин медаль билан қайтди.

ШОУ БИЗ (Ўш)

                                                          DJ Азикдан хазил қўшиқлар давомийлиги

DJ Азик

Радио бошловчи, мусиқий сайқалчи ҳамда қўшиқчиликда ҳам ўз мухлисларини топиб улгурган ўшлик ёш ижодкор DJ Азикнинг “Уйланаман” деб номланган янги қўшиғи тайёр бўлди. Бу қўшиқ ҳам аввалги “Севаманда 2” каби хазил қўшиқлар сирасига киради.
Илк ижодини “Тақдир”, “Айб кимда” ёки “Дунё ишлари” каби ғамгин ва муаммоли қўшиқлар билан бошлаган DJ Азик аста-секин “Мени Матизим”, “Бўйдоқман” каби хазил қўшиқларга ўз ижодидан жой ажратмоқда. “Уйланаман” қўшиғини мухлислар қандай кутиб олади? Яқинда ўзингиз бунинг гувоҳи бўласиз.

Д. Розенблюм: “ҚИРҒИЗИСТОН БОЖХОНА ИТТИФОҚИГА ҚЎШИЛГАЧ, БОШҚА АЛОҚАЛАРНИ ЙЎҚОТМАСЛИГИ КЕРАК”


АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг Марказий Осиё бўйича ўрин босари Дэниель Розенби яқинда Қирғизистонга иш сафари билан келиб кетди. У сафар давомида “Интимак” телерадиокомпаниясига ҳам ташриф буюрди. Қуйида жаноб Дэниелнинг мухбиримиз билан қилган махсус суҳбатини эътиборингизга хавола қиламиз.    


-       Қирғизистонга келишингиз ва иш сафарингиз мақсади ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
-       Аввало, суҳбатга таклиф этганингиз учун миннатдорчилик билдириб ўтаман. Мен, Қирғизистонга давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари қатори биринчи бор келдим. Бу ерга келишдан мақсадим эса Қирғизистондаги асосий сиёсий раҳбарлар ҳамда фуқаровий жамоатчилик етакчилари билан учрашиш.  
-       АҚШ келажакда Марказий Осиё қандай ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда?

ЖИЗ-БИЗ


                                
Ушбу саҳифада радио бошловчи Фарход Маткасимов  истеъдодли санъаткорлар хамда машхур ва қизиқарли шахсларнинг таом тайёрлаш тажрибаларини тақдим этади. Биринчи меҳмон, ўшлик таниқли қўшиқчи, турли тилларда мохирлик билан куйловчи Вагиф Караев бўлди.

Фарход Маткасимов: Вагиф, хуш келибсиз. Бугун сиздан қандай таом тайёрлашни ўрганамиз?
Вагиф Караев: --  Ассалому алейкум, бугун тайёрлайдиган таомимиз турк таомларидан бири "Маклубе"...

Давлатнинг диний соҳадаги сиёсати концепцияси нима беради?



Даврон Насибхонов

“БИЗ”

Сурия, Жиҳод, “Ислом Давлати”, Эбола вируси... Булар сўнги вақтларда ОАВда энг кўп тилга олинган мавзулар сирасига кирмоқда. Бир қарашда бу муаммолар ёки воқеалар манзили Қирғизистондан йироқдек кўринади. Аммо, асосий халқи Ислом динида бўлган ва хориж билан алоқалари тиғиз Марказий Осиё давлатларининг халқлари дунё саҳнасида юз бераётган бу жараёнлардан иҳоталанмаган.
“Би-Би-Си” радиоси берган маълумотга кўра, Сурия ва Ироқда минглаган Марказий Осиёликлар жанг қилмоқда. Қирғизистон Миллий Хавсизлик Давлат Хизматининг билдиришича эса ҳозир сурияда юздан ортиқ Қирғизистон фуқаролари мазкур жангларда иштирок этмоқда. Улар орасида аёллар ҳам бор экани аниқланган.
Мутахассислар асосан Суриядаги жанг майдонига ижтимоий ёрдамга муҳтож аёллар пул топиш мақсадида борса, эркаклар исломга таяниб, қуролли ҳаракатларга жалб этилаяпти деган фикрда.

Ассалому алейкум бу "БИЗ"

Мазкур блог Ўш шаҳрида ташкил этилган "Биз" газетасини тарғиб қилиш ва сизнинг фикрларингизни ўрганиш учун ташкил этилди.