Даврон Насибхонов
“БИЗ”
Сурия, Жиҳод, “Ислом Давлати”, Эбола вируси... Булар
сўнги вақтларда ОАВда энг кўп тилга олинган мавзулар сирасига кирмоқда. Бир
қарашда бу муаммолар ёки воқеалар манзили Қирғизистондан йироқдек кўринади.
Аммо, асосий халқи Ислом динида бўлган ва хориж билан алоқалари тиғиз Марказий
Осиё давлатларининг халқлари дунё саҳнасида юз бераётган бу жараёнлардан
иҳоталанмаган.
“Би-Би-Си” радиоси берган маълумотга кўра, Сурия ва
Ироқда минглаган Марказий Осиёликлар жанг қилмоқда. Қирғизистон Миллий
Хавсизлик Давлат Хизматининг билдиришича эса ҳозир сурияда юздан ортиқ
Қирғизистон фуқаролари мазкур жангларда иштирок этмоқда. Улар орасида аёллар
ҳам бор экани аниқланган.
Мутахассислар асосан Суриядаги жанг майдонига ижтимоий ёрдамга муҳтож аёллар пул топиш
мақсадида борса, эркаклар исломга таяниб, қуролли ҳаракатларга жалб этилаяпти
деган фикрда.
Ноябрнинг 3-санасида Мудофаа кенгаши Давлатнинг диний
соҳадаги сиёсати концепциясини муҳокама қилди. Мазкур масжлисда президент Алмазбек Атамбаев ҳам бу
масалаларга алоҳида тўхталиб, уруш бўлаётган давлатларнинг тақдирини
такрорламаслик учун ўлкадаги дин тармоғига бефарқ қарамаслигини маълум
қилган. Жумладан “Исломлашишга зўр бериш замирида қирғизни
манқуртлаштиришнинг яна бир амали, миллий қадриятларни йўқотиш мақсади ётибди.
Биз қирғизлар араблашиб кетсак, ўша халқнинг урф-одатларини қўллаб, кийимини
кийиб, тилида сўзлашиб қоламиз. Миллатимизни йўқотамиз”, деди президент.
Шунингдек,
Атамбаев Рўза хайити билан Қурбон хайитидан ташқари Наврўз, Янги йил каби
байрамларни инкор қилиб, исломга ёт унсур қатори бахолаш яхшиликка олиб
бормайди деган фикрини билдирди. Йиғин давомида Давлат раҳбари диний
уламоларга мурожаат қилиб, “Қирғизистон дунёвий давлат эканини тан олмайдиганларга
кескин қонуний чоралар” кўрилади, дея огоҳлантирди.
Алмазбек
Атамбаевнинг бу чиқиши жамоатчиликда турли қарама-қарши
фикрларни туғдирмоқда. Бунинг ортидан хижобли аёллар ёки
соқол қўйган диндорларга нисбатан репрессия бошланиб кетмайдими дея хавотирланганлар
ҳам йўқ эмас.
Ўш
шаҳридаги марказий Ал Бухорий номидаги масжид имоми Асатилло Нурматов соқол
қўйиб, хижобда юрганларнинг бари ҳам радикал йўлда эмаслиги, уларни турли
оқимларга жалб қилинмоқда деган фикрларга қарши эканини билдирди.
Собиқ
қози, ислом олими Содиқжон хожи Камолиддин бу мавзуда “Озодлик” радиосига
берган суҳбатида Қирғизистонда диний ишлар учун етарли шароит яратилгани, бироқ
бу имкониятлардан ҳар ким ўз йўлида фойдаланиб, турли радикал оқимларнинг пайдо
бўлмаслиги, диний таълим соҳасидаги муаммоларнинг хал бўлишида янги
концепциянинг фойда бўлишини билдириб ўтган. Шу билан бирга олим мазкур
концепсия асосида оддий мусулмонларга нисбатан тазйиқлар кучайиб кетиши мумкин
деган хавотирларни инкор қилади. Аксинча мусулмонлар учун яхши имкониятлар
яратилади деган маънода гапирган Соджиқжон хожи Камолиддин, концепсиянинг
асосий мақсади фуқароларнинг турли оқимларга кириб кетиши, мусулмонлар
ўртасидаги эҳтимолий низоларни бартараф этиш эканини таъкидлаган.
2014-2020-йилларга
белгиланган бу хужжатда дин ва дунёвий давлат муносабатларини очиқ аниқлаш,
диний радикаллашувнинг олдини олиш, экстремизм-терроризмга қарши курашиш
чоралари каби масалалар ўрин олган.