19.02.2015

ЖИЗ-БИЗ


                                
Ушбу саҳифада радио бошловчи Фарход Маткасимов  истеъдодли санъаткорлар хамда машхур ва қизиқарли шахсларнинг таом тайёрлаш тажрибаларини тақдим этади. Биринчи меҳмон, ўшлик таниқли қўшиқчи, турли тилларда мохирлик билан куйловчи Вагиф Караев бўлди.

Фарход Маткасимов: Вагиф, хуш келибсиз. Бугун сиздан қандай таом тайёрлашни ўрганамиз?
Вагиф Караев: --  Ассалому алейкум, бугун тайёрлайдиган таомимиз турк таомларидан бири "Маклубе"...

Ф.М: --  Жуда яхши, бу таомни тайёрлаш учун бизга қандай маҳсулотлар керак бўлади?
В.К: --  Маҳсулотлар жуда ҳам оддий. Оқ грунч, гўшт (қўй гўшти, мол ёки товуқ гўшти), қизил ва сариқ сабзи, памидор ва бодринг. Яна қўшимча кўкатлар, кефир ёки қатиқдан фойдаланамиз.
Ф.М: -- Демак, таомни бошлаймиз. Хўш, ишни нимадан бошлаймиз, Вагиф.
В.К: -- Мен грунчни пишириб, тайёр қилиб қўйдим. Фарход, сиз гўштни кубик шаклида тўғрашни бошласангиз. Ха, яна помидор хам, бодринг хам шу шаклда тўғралади. Фақатгина сабзини қирғичдан ўтказамиз. Сиз гўштни тўғрагунизгача, мен грунчни ёғлаб тураман.
Ф.М: -- Демак, грунчни аввал сувда пишириб олгандан кейин уни ёғлаш керак экан. Вагиф, биринчи марта қачон ва қандай таом тайёрлагансиз?
В.К: -- Адашмасам, 7 синфда ўқиб юрганимда, мактабдан келсам, уйда хеч ким йўқ экан. Ўша вақтда музлатгичдан гўштни олиб, сувда қайнатганман. Лекин, биласизми хатто туз солиш хам хаёлимга келмаган экан.
Ф.М: -- Ҳозир "Маклубе"дан бошқа яна қандай таомлар тайёрлай оласиз? Ўзи кўп овқат қилиб турасизми уйда?
В.К: -- Тўғриси уйда жуда кам қиламан. Асосан аёллар қилади овқатни. Лекин, онда сонда шу  маклубе  ёки пахлава пишириб тураман.
Ф.М: -- Қайси овқатни яхши кўриб истеъмол қиласиз?
В.К: --  Энг яхши кўрган таомим бу хинкал. Бу таом чучварага ўхшаб кетади. Ҳозирда ёшларнинг кўпи бу овқатни қилмай қўйган. Мана, таомимиз учун керакли грунчни ёғлаб бўлдик. Энди мен сабзини қирғичдан ўтказаман. Бу  жуда ҳам витаминга бой ва осон пишадиган таом. Унинг устига кўриниши ҳам жуда чиройли бўлади. 
Ф.М: -- Ростдан ҳам кўриниши анчагина чиройли бўладиганга ўхшаяпти. Аммо, мазасига тайёр бўлгач баҳо берамиз. Тўғрими. Кўпчиликнинг гапига кўра, эркак киши тайёрлаган таом мазалироқ бўлар экан. Бугун ҳам шу гапнинг исботини кўрамиз деб ўйлайман... Мана мен ҳам сабзавотларни кубик шаклида тўғраб бўлдим. Қалай, яхши тўғрабманми?
В.К: -- Аъло даражада...
 Ф.М: -- Ҳозир Вагиф Караевнинг ёнларида  бўлакча бир катта  патнис турибди.
В.К: -- Бу патнис Туркиядан келтирилган. Махсус айнан мана шу таомни солиш учун. Мана энди гўштни қовуриб оламиз.
Ф.М: -- Демак, таомимиз ҳам чиройли, ҳам ширин бўлиши учун гўштни яхшилаб қизартириб пишириш керак экан. Агар бу таомни тайёрламоқчи бўлсангиз, шунга ҳам эътибор бериб қўясизлар.
В.К: -- Агар сизларга ҳам манзур бўлса, буни бемалол уй шароитида тайёрлаш мумкин. Жа, пиширишни уддалолмасангиз, мана Фарход икковимиз бориб тайёрлаб берамиз....
Ф.М: -- Вагиф гўштимиз пишгунга қадар, ижодингиз ҳақида бир оз гаплашсак. Сиз турли тилларда қўшиқ куйлайсиз, аммо ижодингизнинг асосини кўпроқ турк эстрада қўшиқлари ташкил қилади. Уларнинг аксарияти эса севги мавзусида...
В.К: -- Тўғри. Нима учундир қўшиқларимдаги сўзлар доимо севги муҳаббат, қизлар ортидан югуриш ҳақида бўлиб қолади. Нимага билмайман. Балки, шундай қўшиқлар менга учраб қоладими ёки ўзимга шунақаси ёқадими...
Ф.М: -- Шу сабабли ҳам мухлисларингизнинг кўпчилиги қизлар бўлса керак...
В.К: -- Фарход гўштимиз тайёр. Энди энг асосий қисмига яъни безаш ишларига ўтсак ҳам бўлади.Мана энди бояги патнисимиз керак бўлади. Аслида, идишнинг унчалик аҳамияти йўқ. Истаган лаган ёки тарелкага хам солса бўлаверади. Энг аввал, патнис ўртасига гурунчни тўпланган ҳолда соламиз. Кейин эса атрофига кефирни, сабзавотларимизни бирин кетин жойлаймиз,  гўштимизни ҳам гурунч устига чиройли шаклда жойлаб чиқамиз.
Ф.М: --Оҳ,оҳ мана ниҳоят турк миллий таомларидан бири маклубе тайёр бўлди.
В.К: -- Бу таомнинг яна бир яхши томони, Маклубе диеата таом ҳисобланади. Қовурилган таомлар истеъмол қилиши мумкин бўлмаганларга ёки ёғли овқатларни ёқтирмаганлар учун яхши таом деб ўйлайман    
 Ф.М: -- Қани унда татиб кўрамиз.

В.К: -- Ёқимли иштаҳа.