25.05.2015

Қувноқлик бор эди, аммо, зукколик

Ўшда "Қувноқлар ва зукколар"нинг биринчи мавсум финал ўйини бўлиб ўтди. "ҚВЗ"нинг ташкил этилганига ҳам бир йил тўлди.
"Интимоқ" телерадиокомпанияси томонидан уюштирилган мазкур ўйин аслида айни муддао бўлди. Шу пайтгача тор доирада ўтказиб келинган бу каби тадбирлар, энди катта саҳнага чиқди. Асосийси, ёшларни бирлаштира олди. Бироқ...
 
Бироқ, бир йил давомида ўтказилган ўйинларда ёшларимиз кўпроқ  бошқа давлатларда қўлланилган хазилларни "копия"лаб қўя қолишгани шахсан менга ёқмади.
Тўғри, аввалги ўйинда қилинган танқидлар ўз таъсирини кўрсатган шекилли, "кўрпа ости" ҳазиллари нисбатан оз бўлди.
Хўш, нима сабабдан бир йил давомида бўлиб ўтган ўйинлардан мен қониқмадим. Бунинг сабабларини кўп ўйладим. Интернет орқали, Ўзбекистоннинг машҳур "ҚВЗ" жамоаларининг чиқишларини ҳам қайта  кўриб чиқдим. Униси ҳам буниси ҳам мени кулдира олмади. Ўйлантира олмади. Бирор янги ғояга туртки бўлмади. Бизнинг йигитларимиздан эса бироз тажрибалироқ эди холос улар.
Тўғри, балки мен ҳозирги ёшлардек фикр қилолмай қўйгандирман, деб ҳам ўйладим. Ҳозирги томошабинларга шу ёқаётгандир. Ўйин давомида кулишди, қарсак чалишди... ҳар ҳолда. Балки, бу фақатгина дид масаласидир. Балки, эндигина саҳнага қадам қўйишни бошлаган йигитлардан кўп нарса кутиб, мен адашгандирман.



Ҳа, улар қувноқ йигитлар. Бири автомобил устаси, бири нонвой, бири талаба яна бири мактаб ўқувчиси...Уларни бирлаштирган, умумийлик эса "Интимак" телерадиокомпаниясига мухлис эканликлари.


    Ичимдаги кўп фикрларни ичимда қолдира қолай. Яхшиси, уларни қўллайлик. Қўлимиздан келганча, билганларимизни ўргатайлик. Ажаб эмас...
Кейинги ўйинларда қувноқ ва зукко ёшларнинг жамоаларининг чиқишларини кўришдан умид узмай, нуқта қўяман.