13.05.2015

ИШҚ

Даврон ҲОТАМ
(насрий қўшиқ)

     Икки олов ловуллайди. Бир-бирига талпинади. Шамол ўртага суқилмоқчи бўлади. Уддасидан чиқолмайди.  Оловлар ундан нари қочади. Шамол этак силтаб ортга қайтади. Шунда оловлар авжланади, авж, авж, авж(!!!) улар қўшилиб гулханга айланади. Гулхан ичидан эса ҚАҚНУС чиқади.  Қақнус қип-қизил УФҚқа талпинади... Қақнуснинг шамолидан чўғлар сочилиб - сочилиб кетади. Чўғлардан янги оловлар пайдо болади.  Икки олов гуркирайди гур-гур-гур-р-р...
      Мажнунтол.  Мажнунтол остида икки соя, соямикин?  Улар ўриндиқнинг икки четида жим, омонатгина ўтиришибди.   Худди кечагидек.    Қиз қип-қизил  кўйлак кийиб олган. Тим қора кўзлар қаърида  қуёш яшайди.
Қайрилма киприклар оловли  нигоҳларни  беркитади, яширади.

     Қиз қўлидаги китобни варақлайди.  Кечаги келган жойини қидиради.
     Йигит эса кўзини ердан узолмайди. Пойида ҳафсала билан иккига, учга бўлинган чўплар  тўп-тўп   бўлиб     турарди. У   бугунги “дақиқаларни”  ҳам паришонлик билан тўплаб қўйди. У ерда қатор синиқ  чўплар тўпи -- ҳис ҳаяжондан   ёрилиб ўлган кунлар  мозори турарди.
    Кўйлагининг ёқаси сиқа бошлади.
Юрагининг ҳапқириғи орта бошлади.
    Йигит  қирғоқларга  сиғмаётган уммондек ҳис қиларди ўзини. Тошмоқ керак!  Лекин бунга нимадир ҳалал берарди.  Нима у? Ҳали тўла ёниб бўлмаган  оловлардир  балки!  Ўзи ҳам англолмайди.
    Йигит балки, йигирма йил аввал, балки кеча кечаси ўйлаб қўйган  изҳорларини эслашга уринарди. Эслади ҳам, қараса бари заиф, бари нимжон, бари такрорий, бари сохтадек туюлди унга.  Яхшиси индамайди.
     Ниҳоят қиз қидирган сахифани топди.
Аниқроғи бундан ҳам ортиқ қидириш мумкин эмаслигини  ҳис қилди ва ана шу сахифага  йигит синдирган чўплардан бирини белги қилиб қўйди-да китобини бағрига босганча  узоқлаб кетди.
Узо-о-оқдан най овози келади.  Кимнидир чорлайди.  Най нола қилади,  карнай дўқ уради...
     Тўй. Кўча бошида гулхан ёқишмоқчи. Ёқишолмайди.. тутун халал беради.  Ёниш учун куйлаш керак,  куйлаш учун ишқ  (!)  керак  (балки).
    Ана, келинчакнинг ўзи  - Гўзалликнинг гўзал намунаси.  Қўшни ҳовлида,  атрофида дугоналари парвона.  Бири лапар айтади, бири ўйинга тушади.  Келинчакнинг кўзларидан иссиқ ёшлар оқади.
     Дугоналар уни юпатмоқ истайдилар.
       “Тақдир” ,  -   дейдилар,   бот куёвни мақтайдилар.  Келин эса,  уларни эшитмайди.
Бир ажиб куй қучоғига киради. Енгил тортади.
У ҳеч вақт ўзини бу қадар енгил ҳис қилмаган эди.  У жуда ҳам енгил, енгил, енгил...  Келин қўлига китобини олади.  Ичидан чўплар тушади.
Чаққон дугона ккитобни тортиб олади,чўпларни супуруб ташлайди.  Чўплар шамолда уча бошлайди. Қиз аста эргашади.  Чўплар кўча бошига боради,  қиз-да етиб келади.  Чўплар тутаётган тутинларга қўшилади, гуриллаб олов ёнади   гур...гур...гур-р-р... Қиз оловга талпинади  лов...лов...лов гулхан қўшиқ айтади гур...гур... У Ҳур...Ҳур...гур...гур...
   Гулхан ичидан ҚАҚНУС чиқади.  Қақнус қип-қизил уфққа талпинади.   Қақнуснинг шамолидан чўғлар  сочилиб-сочилиб кетади.
     ҚАҚНУСнинг куйи ғоят ажойибдир..