25.05.2015

Дунёдаги энг зўр дўстларга бағишлайман

Муаззам Иброҳимова

Қишлоғимизда ўнлаб қирғиз оилалар бор. Шулардан бири Дилмуродларники. Ўртахолгина яшашади.  Ўн  бир яшар йигитчадан исминг нима деб сўрасангиз  “ Дилмурод  Файз” дейди .
Бундан тўрт йил аввал  2010- йил воқеаларидан сўнг, Фарғонада яшайдиган  қирғиз халқи ҳам  қаттиқ қўрқиб қолганди.  Ўшанда   фақат қирғизча қўшиқларни ҳиргойи қилиб юрадиган  етти яшар бола   отамнинг исмини  “ Алишер Файз десам бизнинг оилага ҳеч ким тегмайди” деб , машҳур  ўзбек хонандасининг ўндан ортиқ қўшиғини ёд олган.  
Дилмурод ва ўғилларим жуда иноқ. Айниқса Беҳрузим ҳеч қачон Тошкентдан совғасиз келмайди. Хайит, байрам, таътиллардан аввал унга нима харид қилсам, "Димагачи" деб туради.  Биттагина дафтар, қалам топса ҳам келибоқ, Дилмуроднинг  олдига югуради. Улар шу қадар ахлки, бир куни алақайси кинодан кўриб, пичоқда билакларидан қон чиқариб ака-ука тутинмоқчи ҳам бўлишган.  Кўриб қолиб,“ қон тўкмай ҳам қадрдон бўлиш мумкин!”  деганимдан сўнг пичоқни ташлашган эди.


Бир куни    кўпгина  болалар  ўйнашаётган экан.  Улар  ҳар доимгидек  "хонанда"дан   “отаси”нинг қўшиғини айтиб беришини илтимос қилишди. Дилмурод ёғочдан  ясалган микрофонини олиб, гўёки катта саҳнадан томошабинларга салом бергандек чиройли табассум ҳам ҳадя қилди. Сўнг соф ўзбек тилида катталардек  “ мухлислари”га юзланди:
-         Сизга отамнинг  эмас, ўзим ёзган янги  қўшиғимни  айтиб бераман. Уни  Беҳруз  бағшлайман. У мени  ҳар доим  қўллаб турган энг яқин дўстим!  Биз қирғиз, сарт эмас-  болалармиз!- сўнг,  қўлини катталардек дуога очди, -  Яхшилар,  шу ўртоғимга битта дуо беринг.   Илоҳим бўйи чўзилиб, мендан ҳам ўтиб кетсин!  Ҳар доим шунақа оғайни  бўлиб қолайлик деди.
Ўшанда , 2010-йилдан буён юрагимни эзиб турган катта нафрат    кўзимдан томган бир томчи  ёш билан  чиқиб кетган.  Дилмуроднинг  болаларча беғуборлик билан куйлаган  қўшиғи ҳеч қандай қофияларни  тан олмай янграган  бўлсада, мана-ман деган энг машҳур хофизларнинг қўшиғидан кўра юрагимни титратиб юборганди.  Сизга унинг  қалб нолаларини давом эттирган холда хавола  этарканман, Алишер Файздан битта илтимосим ҳам бор. Агар шу сатрларга кўзи тушиб, Қувасойлик  “ қирғиз ўғли”нинг дил сўзларини  битта чиройли қўшиқ қилса  болалар хурсанд бўлишарди.  Узр аммо бу қўшиққа ном топиб бера олмайман...

                                                                                                                  
Беҳруз энг зўр ўртоғим!
Бизни кўриб дўст  денглар.
Сарт, ўзбек деб айирмай,
Болам униб, ўс денглар.
                            Дилмурод 

Беҳруз энг зўр ўртоғим!
Бизни кўриб дўст  денглар.
Сарт, қирғиз  деб айирмай,
Болам униб, ўс денглар.

Ўйинчоқлар  ўртада,
Кулча нонлар бўлишган.
Майкаларни алмашиб
Кийганимиз кўришган.
  
Мазза қилиб егаймиз
Музқаймоқни ялашиб.
Гап талашсак зум ўтмай
Оламиз-да ярашиб.

Йиртиқ копток тепсак ҳам,
Бир-биримиз тепмайлик.
Катталардек уришиб,
Айрилишиб  кетмайлик.

Беҳруз – менинг  ўртоғим,
Бизни кўриб  зўр денглар!
Урушқоққа, қўрқоққа
Дўстларни бир кўр!"  денглар!