Сафед Булон қишлоғида туғилган.
1999-2004 йилларда Ўш Давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
Даврон Ҳотам тахаллуси билан ижод қилади.
"Хиргойи" , "Кўнгулга йўл" шеърий тўпламларининг муаллифи.
Талабалик чоғларидан бошлаб, маҳаллий "Демос Таймс", "Фарғона" рўзномаларида мухбир, "ДДД" ва "Иқтидор" газеталарида муҳаррир, "Сиёсат" газетасида креатив бўлим муҳаррири сифатида фаолият олиб борган.
2004 йилдан 2010 йилга қадар Ўш Давлат университетида замонавий адабиёт йўналиши бўйича талабаларга сабоқ берган.
Университетда ташкил этилган "Навниҳол" халқ театрида актёр ва режиссёр ёрдамчиси сифатида фаолият олиб борган.
Айни вақтда 2012 йили миллатлараро дўстликни тиклаш мақсадида Ўшда ташкил этилган "Интимақ" худудий жамоат телерадиокомпаниясида Ўзбек бўлимининг муҳаррири сифатида ишлайди.
Мазкур компаниянинг радио, телевидение ҳамда ўз сайти бўлиб, маълумотлар ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бериб борилади.
Даврон Ҳотам Марказий Осиё ўзбек ижодкорлари учун ташкил этилган "Ижодкор" сайтининг асосчиси ҳисобланади.
Даврон Ҳотамнинг Би-би-си муштарийлари саволларига жавоблари
Даврон Ҳотам: Ассалому алайкум! Эътибор қилганинглар учун ва ҳар бир инсонга вақтини ажратгани учун раҳмат айтаман.
Ботир, Лондон: Ўшда ҳозир аҳвол қандай? 2010 йил воқеалари Ўзбекларнинг умумий кайфиятига қандай таъсир қилди. Қолаверса, адабиёт, санъат ва маданият вакилларига қандай таъсири билинди?
Даврон Ҳотам: Раҳмат, албатта, ҳол сўраганлари ва бугунги кунда Қирғизистондаги Ўзбекларнинг аҳволи билан қизиққанлари, қайғурганлари учун. Худога шукрки, бугунги кунда аҳвол жудаям бир ночор деб айтиб бўлмайди. Бугун вазият анча юмшаган ва ҳаёт давом этмоқда. Шу билан биргаликда, бундан бир неча йил аввал бир-бирининг ўртасида низо чиққан миллатлар бугун савдо қилишмоқда, ҳамкорликда ишлашмоқда. Ва кўп фоиз билан қараганимизда, улар бир-бирларисиз яшай олмасликларини яна бир бора тушуниб етишди. Худо буни қайтармасин бошқа, лекин шундай воқеа бўлди. Бу зиёлиларга катта бир таъсир кўрсатди. Айниқса, ижодкорлар кўнгли жуда нозик, тез таъсирланувчи инсонлар сифатида шокка тушишди десам бўлади. Улар бир салбий ҳолатлар ёки тушкун кайфиятларга тушиб қолишгани сир эмас. Мен буни кўп кузатдим. Шу орада тушкун кайфиятдаги шеърлар ҳам пайдо бўлди. Лекин бугунга келиб, ҳамма-ҳаммаси яна ўз изига тушиб бормоқда, бусиз иложи ҳам йўқ. Ҳаёт албатта давом этади. Ўтган муаммолар, ўтган қонли кунлар албатта бизга бир сабоқ бўлади деган умиддамиз.
Қурбонали, Ўзган: Сиз марҳум журналист Алишер Соиповни қандай эслайсиз? Адашмасам, сизлар бирга ишлагансизлар?
Даврон Ҳотам: Раҳмат савол учун. Алишерни Аллоҳ раҳмат қилсин! Алишер билан биз нафақат бирга ишлаганмиз, балки у билан 1999 йилдан бери яқин дўст эдик, десак бўлади. Битта факультетда ўқиганмиз. Мендан бир курс баландда ўқиган. Шу факультетда бизнинг дидларимиз, қизиқишларимиз бир-бирига мос тушганлиги боис бир дўст, ака-ука қатори яшаб, ўқиб келдик. Ва бир неча газеталарда ҳамкорликда ишлаганмиз. Илк журналистик ишимиз ҳам бирга бўлган Алишер раҳматли билан. Кейинчалик Алишер Соипов таъсис этган "Сиёсат" газетасида ҳам унинг ёрдамчиси сифатида бирга ишладим. Алишер журъатли йигит эди. Ва ана шу журъатини бошқаларга ҳам юқтира оладиган бир инсон эди. Меҳнаткаш эди. Ҳеч қачон бир ишни қилаётиб, бошқасига вақт ажрата олмай қўймасди. Яъни бир вақтнинг ўзида икки-уч ишни қиладиган йигит эди. Балки ана шу вақт жуда ҳам оз берилганини ҳис қилганми, жуда кўп ишларга оз вақт ичида улгуришга ҳаракат қилар эди. Жуда ҳам нозиктаъб, адабиётни, шеъриятни жуда чуқур тушунадиган, чуқур илғай оладиган, шу билан бирга бугунги кунда ёшлар орасидаги кам сонли саводхон йигитлардан бири эди. Аллоҳ раҳмат қилсин! Доимо яхши сўзлар билан, яхши хотиралар билан эслайман мен дўстимни.
Odiljon Maxdumiy, O'sh: Muhtaram Davronbek. Nima uchun aynan 2010 yil voqealaridan keyin O'sh davlar universitetining O'zbek filologiya faqul'teti o'zbek filologiya bo'limiga aylantirildi?
Даврон Ҳотам: Бу ўша вақтдаги миллатчилик ташвиқотлари билан ҳам бироз боғлиқ. Аммо асосий сабабларидан бири, 2010 йилдан кейин ўзбекистонлик талабаларнинг, қолаверса ўқишга киришни истаган ўзбек ёшларининг ўша вақтда кескин озайиб кетиши билан боғлиқ. Агар ўзбек филологиясига талаб кучайса, яна қайта кафедра мақомидан факультет мақомига айлантирилиши мумкин.
Баҳодир, Ўзбекистон: Қирғизистонда журналистикага нисбатан цензура қандай?
Даврон Ҳотам: Одатда Қирғизистон деганда, кўпроқ демократия оролчаси, Қирғизистон - қўшни ўлкаларга қараганда демократияда анча илгари ва сўз эркинлиги кўп, деган гаплар айтилади. Чиндан ҳам, нисбатан олиб қараганда шундай имкониятлар бор. Яъни, рухсат этилган мавзуларда сиз истаганча фикрингизни айтишингиз, истаганча бир лавҳа ёки мақола тайёрлашингиз мумкин. Хусусан, олиб қарайдиган бўлсак, 2010 йилгача бу нарса менинг назаримда, Ўзбекларга ҳам тегишли эди ва Ўзбеклар ҳам бу нарсадан фойдалангандек бўлди.
Лекин 2010 йилдан кейин бу ички цензура деб қўямизми ёки ички бир қўрқувми, ҳар ҳолда Ўзбек миллатидаги инсонлар ўз фикрини очиқ айтишдан тоядиган, ийманадиган ёки журналистлар ҳам баъзи бир нозик масалаларда тўғриси, тўхталмасликни тўғри йўл сифатида кўраётганларини кузатишимиз мумкин. Чунки, биринчидан жуда кўп нарсалар 2010 йилдан кейин ошкор этилмаяпти. Жуда кўп мавзуларга қўл урадиган бўлсангиз, унинг исботини, далилини топишингиз керак бўлади. Бу жуда ҳам қийин. Маҳаллий журналистикада, Қирғизистон ичида бизнинг Ўзбек матбуотининг обрўси унчалик баланд бир даражада деб айтолмайман, яъни сизнинг ўқувчиларингиз, томошабинларингиз сизни ҳеч қачон ҳимоя қилиб чиқа олмайди. Бизда бундай юксак бир кучга эга бўлган Ўзбек матбуоти йўқ ҳисоби. Яъни, минбарнинг ўзи йўқ экан, журналистлар бугунги кунда нима ҳақда ва қайси бир муаммони кўтариши мумкин? Лекин сиз бир халқаро радио ёки бошқа оммавий ахборот воситаларининг ходими бўлсангиз, Қирғизистонда анча эркинлик бор. Халқаро ташкилот журналисти сифатида сизда журъат етарли бўлса, бу учун сизни сиқувга олишмайди. Ҳар ҳолда имкониятлар нисбатан кенгроқ, деб айтса бўлади.
Алишер: "Интимақ" телерадиокомпаниясини тузишдан мақсад нима эди, у кимнинг ташаббуси ва ўз вазифасини қандай бажаряпти?
Даврон Ҳотам: Раҳмат. Айни кунларда мен ана шу "Интимақ" телерадиокомпаниясида Ўзбек бўлимининг муҳаррири сифатида фаолият олиб бораяпман. Бу компания 2012 йил ташкил этилган. 2010 йилгача Қирғизистонда ўзбек тилида кўрсатув олиб борувчи медиалар ёки газеталар анчагина эди. Лекин 2010 йилдан кейин газеталар ҳам, телевидениелар ҳам, радиоэшиттиришлар ҳам тўхтатилди. Ва шундай бир бўшлиқ пайдо бўлдики, Ўзбек тилида бирор бир ахборот етказиш муаммо бўлиб қолди. Шу вақтда Интернюс билан ҳамкорликда бир лойиҳа ёзилди. У ўзбек тилида маълумот олишни истаган одамлар учун, уларни бугунги кундаги аҳвол билан таништириш мақсадида ва шу Ўзбек медиасидаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида тузилди. Дастурлар қирғиз, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Бошида буни ташкил этиш, кадрларни топиш жуда ҳам қийин кечди. 2010 йилдаги воқеалардан кейин бир-бирига тоқат қиладиган журналистларни топиш ва уларни бу ерда ишлашга шакллантириш, баҳғикенглик руҳида тарбиялаш ва ҳар бир бериладиган дастурларни ҳам мана шу руҳга- интимоққа (дўстлик, биродарликка) кўникувчи журналистларни, кўрсатувларни тайёрлаш жуда қийин бўлди. Журналистларнинг бир-бири билан келишиши ҳам осон кечмади. Ва бошқа, ташқаридаги инсонларнинг бунга бўлган муносабати ҳам ҳали ҳануз жуда ҳам яхши деб бўлмайди. Албатта ҳар хил инсон бор. Кимдир буни тўғри қабул қилади, кимдир нотўғри. Шу мақсадларда очилди "Интимақ". Бугунги кунда айтайлик, ўзбек, рус, қирғиз тилларида ахборотлар, куй ва қўшиқлар ва бошқа социал-ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқяпти. Бу Қирғизистондаги Ўзбек тилида дастурлар тайёрланадиган ягона компания ҳисобланади. Унда телевидение, радио ва веб сайт мавжуд. Албатта, шу ўринда профессионал жиҳатдан камчиликлари бордир. Чунки бизда асосан журналистикани эндигина бошлаган ёшлар ишлайди. Фақатгина "Интимоқ" да журналистикани бошлаган ёшлар бор. Лекин мақсад сари қадам қўйяпмиз ва бу жамиятда сезилиб, билиниб турибди деб ўйлайман.
Би-би-си: "Интимақ"нинг томошабинлари, тингловчилари қандай фикр билдиришяпти? У Ўзбек томошабинининг маънавий эҳтиёжларини қондира оляптими?
Даврон Ҳотам: Албатта, бугунги кунда Ўзбек тилида берилаётган эфирлар биз ўйлаганчалик, биз хоҳлаганчалик кўп эмас. Вақти-соати билан бу ҳам кўпайиб борар, деб умид қиламиз. Ўзбек тингловчилари албатта бундан албатта хурсанд. Боя айтганимдек, баъзи бир профессионал жиҳатдан хатоларни ҳисобга олмаганда, бу жамиятга яхши таъсир қилмоқда. Бошқа бир томондан, Ўзбек тилида эфир олиб бориш катта бир муаммони ҳам юзага чиқариши мумкин эди. Ташқаридан турли хил гап-сўзлар ва бошқа ҳолатлар бўлди. Лекин, ҳозирда ўрганиб қолишди, деб ўйлайман. Бу муаммони ортда қолдириб чиқдик. Ҳар бир миллат вакиллари бу нарсага кўнди ва қулоғи ўрганди.
Шуҳрат, Хоразм: Қирғизистондаги Ўзбеклар учун нима муҳим? Ёшлар нима билан бандлар?
Даврон Ҳотам: Раҳмат дўстимизга савол учун. Билмадим мен журналист сифатида ёки шоир сифатида Қирғизистондаги бутун Ўзбеклар ҳақида бирор бир фикр билдиришим ножойиз бўлса керак. Лекин ўзимнинг ўйларимни айтишим мумкинки, Қирғизистондаги Ўзбеклар учун ҳам бугунги кунда аслида маънавият, илм, таълим, янги технологияларни ўзлаштириш муҳим. Мана шу нарсалар керак бўлмоқда бизга. Яъни кадр масаласи жуда ҳам оқсоқ. Айни мана шу "Интимақ" учун кадр топиш жуда ҳам қийин бўлмоқда. Лекин вазиятни кўрадиган бўлсангиз, кузатишларим натижасида кўп ёшларнинг энг асосий мақсади ва қилаётган иши бу - пул топиш, бирор бир ҳунарни ўрганиш, мамлакатда ёки четда ишлаб пул топиш, уй қуриш, машина олиш, уйланиш ва ҳоказо. Мана шу ҳолатлар кўпроқ учрамоқда. Лекин менинг бир шахсий фикрим - мен бунга қарши бўлардим. Бугунги кунда чет давлатларга албатта чиқиш керак, пул топиш керак. Мен бунга қарши эмасман, лекин бу маданиятсизлик ёки маънавиятдан, билим-илм деган нарсалардан четда туриш орқали бўлиши керак эмас. Ва яна бир тоифа борки, бу диндорлар тоифаси. Албатта бир диний илмни ҳам Ўзбеклар ичида ҳам, Қирғизлар ичида ҳам ривожланиб бораётганини ва одамлар шу томонларга кўпроқ интилаётганини кўриш мумкин. Ва албатта булар менинг шахсий фикрларим.
Абдулла, Оврўпо: Нега ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқади? Тинч яшаш учун, айниқса Қирғиз ва Ўзбек учун нима зарур? Университетда ўқиб юрганимизда, жалолободлик курсдошимиз "биз хоҳлаган гапимизни айта оламиз", дерди. Ҳозир ҳам шундай эркинлик борми?
Даврон Ҳотам: Энг аввало, тинч яшаш учун нима керак? Биласизми, 2010 йил воқеаларидан бир-икки ой ўтгач, мен вақти келиб, бир-икки йил ичида Ўшда яна мана шундай кўчага чиқиб юриш мумкинлиги, яна Ўшда бозорлар гавжум бўлиши ва яна қурилишлар бўлиши, яна тўйлар бўлиши мумкинлигини, тўғриси, тасаввур қила олмагандим. Жуда ҳам оғир бир вазият ва жуда узоққа чўзилувчи инқироз пайдо бўлиши мумкин эканлигини ўйлагандим. Лекин бахтга яраша, Худога шукрки, бундай бўлмади. Бу нимани кўрсатади? Мен бугун иш жойимда ёки кўчада бир Қирғиз миллати ёки бошқа миллат вакили билан салом-алик қилаётган эканман, бунда бир сохтакорлик йўқ экан ва у билан бемалол нафас олиб, ишлаётган эканман ёки у менга тоқат қила олаётган экан, демак бир нарсага амин бўлиш керакки, бўлиб ўтган воқеаларда Ўзбек ва Қирғиз миллати бир-бирини ёмон кўриши ёки гина-адоватни эмас, қайсидир бир муаммолардан, социал ва сиёсий ва бошқа бир статус-мақомларни аниқлашдаги давлат миқёсида бўладими ёки бошқа бир миқёсдаги тўпланиб қолган муаммоларни сабаб қилган бошқа бир инсонларнинг гиж-гижлаши ва уларнинг бир сценарийси асосида бўлганлиги ва бу уруш сохта бир тарзда чиқарилганини ишонч билан айтиш мумкин, деб ўйлайман. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Агарда бундай бўлмаганда эди, ҳалигача биз бир Қирғиз биродаримиз билан ош еб ўтирмаган бўлардик бир ерда. Ва улар ҳам бизга тоқат қилолмаган бўларди. Шу сабабдан, мен ўйлайманки, низо бўлмаслиги учун биринчи навбатда давлат, Қирғизистон ҳукумати бу нарсани ўз бўйнига олиши керак. Ҳар қандай муаммо, ҳар қандай тартибсизликлар, бошқа нарсалар давлатнинг ютуғи ёки давлатнинг камчилиги бўлиб ҳисобланади. Давлат бунинг масъулиятини бўйнига олиши керак. Иккинчидан, ҳар бир муаммонинг, камчиликларни ўз ерида ҳал қилишга ҳаракат қилиш керак ва эркин фикр билдира олиш, муаммони очиқ кўрсата олиш, ундан ташқари оммавий ахборот воситалари ана шундай ёлғон маълумотларни тарқатиб, турли инсонлар орасига низо солиши, ёмон нарсаларга ташвиқот қилмаслиги керак. Бугунги кунда, айрим мавзуларни кўтариш давлат ёки баъзи бир органлар томонидан тақиқланмаган бўлсада, инсон ўзининг ички бир цензураси билан шундан бир фойда топиб бўлмаслигини ҳис қилиши ёки буни айтган билан муаммо ҳал бўлмалигини ҳис қилиши ёки билмадим, қўрқув ёки бошқа сабаблар билан мавзуларни ёпиқ ҳолда қолдирмасангиз, умуман сиёсат, ҳукумат раҳбарлари, парламент ҳақида, президент ҳақида истаганча эркин фикр билдириш ҳуқуқига эгасиз. Қирғизистонда ҳозир ҳам шундай имконият, вазият бор.
Зебо, Туркия: Ўзбек мактаблари, дарсликлари ва Ўзбек тилида тест топшириш муаммолари ҳақида кўп ўқиймиз. Ҳақиқий вазият қандай ўзи? Ўзбекларнинг ўзлари қандай фикрдалар? Қандай чекловлар бор бунда?
Даврон Ҳотам: Биринчи навбатда айтиш керакки, чиндан ҳам айниқса, 2010 йилдан кейин гўёки, бир сиёсий вазият, ҳаёт ўзгаргандек. Гўёки янги бир давр келгандек жуда кўп нарсаларга таъсирини кўрсатди. Шу жумладан, 2010 йилдан кейин Қирғизистонда давлат тилига бўлган муносабатни ўзгариши ва Қирғиз тилини олийроқ мақомга кўтариш масаласи олиб чиқилди. Бунга бир республика, давлат сифатида хаққи бор, албатта. Лекин айрим тушунмаган инсонлар томонидан бошқа бир тилларга чеклов бериш каби ҳаракатларни кўриш ёки ҳамма Қирғиз тилида гапириши керак, деган ҳаракатларни кузатдик. Ҳамма Қирғиз тилида ўйлаши керак, каби гаплар. Лекин ақлли инсонлар бор Қирғизистонда ҳам. Ҳар бир инсон, ҳар бир миллат ўз тилини сақлашга ҳақли эканини биладиган раҳбарлар ҳам бор. Шунингдек, Қирғиз тилида бир мақол бор - "Миллат бўлсанг, тилинг билан миллатсан", дейди. Ва Ўзбек ҳам, Уйғур ёки Татар ҳам, ҳар бир инсон, ҳар бир миллат ҳам бу мақолни ўзига шиор қилиши мумкин. Ўзбек ҳам миллат бўладиган бўлса ўзининг тили билан миллат бўлади. Бошқа тил билан ҳеч қачон миллат бўлмайди. Қирғиз тилини, давлат тилини ҳурмат қилиш, ундан фойдаланиш энди бу бошқа масала. Энди мана шу ишлар соясида шундай инсонлар чиқдики, Ўзбек мактабларини Қирғиз мактабларига айлантириш ҳақида таклифлар билан. Ҳар ҳолда бизга шундай маълумотлар келди. Мана шу мактаб, мана шу туман ўқитувчилари, директорлари ёки ота-оналар мактабни Қирғиз тилида таълим берилувчи мактабга ўзгартириш таклифини бизга беришмоқда, шунга энди бу бир ички сиёсат орқали, бир ички ташвиқот орқали юзага келганми ёки ростдан ҳам ота-оналар, ўқитувчилар шу нарсани хоҳладими, буниси ҳозирча қоронғу. Лекин нима бўлганда ҳам, мана шу ота-оналар, мактаб директорларининг илтимоси билан жуда кўп Ўзбек мактаблари Қирғиз тилида ўқитиладиган мактабларга айлантирилди. Ота-оналар ҳам айрим давлат йиғилишларида фарзандларини Қирғиз тилида ўқитмоқчи бўлаётганлари ҳақида айтишмоқда. Ва ишонасизми, бугун Ўш шаҳрида бирорта ҳам соф Ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб қолмаган. Улар ҳам Ўзбек-Рус ёки Ўзбек-Қирғиз тилли аралаш мактабларга айланиб кетди. Буни яхши ёки ёмон эканини албатта вақт кўрсатади. Шу билан бирга Ўзбек тилидаги умумреспублика тестлари ҳам бир неча бор бекор қилинди, бир неча бор қайта тикланди. Бу йил ҳам шундай бўлди. Ўзбек тилида умумреспублика тести олинмади. Бунга сабаб қилиб, Ўзбек тили мактаби йўқлиги, иккинчидан Ўзбек тилида имтиҳон топширувчи ўқувчиларнинг мўлжалдагидан етарли эмаслиги, бунга сарфланадиган чиқимлар кўрсатилди. Албатта бу таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Ўзбек тилида ўқиган ўқувчи Қирғиз тилидаги атамаларни, махсус сўзларни тушунмай қолиши натижасида уларнинг баллари кескин тушиб кетгани ҳақида маълумотлар бор. Хуллас шундай вазият юзага келяпти, Ўзбек миллатдошларимиз буни ўзлари таклиф қилаётганларини айтишяпти. Лекин бунга қарши чиқиб, Ўзбек тили бунақада йўқолиб кетади, деган саволлар ҳам юзага келмоқда. Ва шундай бир авлод ҳам етишиб чиқди. Миллати Ўзбек, лекин Ўзбек тилида салом-аликдан бошқа гаплаша олмайди ёки адабийроқ сўз бўлса уни тушунмайди. Бунинг ортидан нима юзага келиши мумкин? Бу инсон эртага Навоийни қўйинг, бошқасини қўйинг, ҳамшаҳри Шавкат Раҳмоннинг шеърларини тушуна олмайди. Бунинг учун алоҳида бир луғат олиб, ўқиши керак бўлади. Яъни маънавият йўқ бўлади, Ўзбек зеҳнияти йўқолиб кетиш хавфи бор. Ўйлайманки, бу масалалар ҳам бизнинг ҳукумат раҳбарларини ўйлантиради ва охир-оқибат бир ижобий қарорлар қабул қилинади деган умиддаман. Тушкунликка тушмаслик керак.
Би-би-си: Шундай хабарлар ҳам чиққанди, ўзбеклар иш топиш, ўқишга кириш бўйича муаммолар бўлмаслиги учун фарзандларини рус тилидаги мактабларга бераётгани ҳақида. Бу борада вазият қандай?
Даврон Ҳотам: Албатта рус тилидаги мактабларга кўп талаб бўляпти. Қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам кўпроқ рус мактабларида ўқитишни исташяпти. Бунинг энг асосий сабаби сифатида меҳнат муҳожирлигини олишмоқда. Яъни тил билса, чет элга чиқиб ишлаши мумкин деб. Шу билан бирга, кўп бўлмаса ҳам Россияда ва чет элларда ўқийдиган инсонлар ҳам йўқ эмас. Ҳамма фақат пул топишга ўтириб олган десак ҳам бўлмайди. Лекин рус тилидан дарс берувчи малакали ўқитувчилар жуда кам.
Дилдора, Тошкент: Сиз қачон шеър ёзасиз, нимадан илҳомланасиз?
Даврон Ҳотам: Шеър ёзишнинг бир вақти йўқ. Албатта бир ичингизга тушган дард бир шаклланиб, чиқмаса бўлмайдиган бир ҳолат бўлиб, айтмасликнинг иложи бўлмаган вақтда шеър ёзилади. Балки шу сабабдир, шеърларимнинг сони кам. Ҳаётдаги, атрофдаги нарсалардан таъсирланиш ҳам шеърнинг туғилишига сабаб бўлади. Яна бир томони, кўпроқ ўзимни тафтиш қилишга ҳаракат қиламан. Шеърларим ҳам шу ички тафтиш қилиш жараёнлари ҳақида.
Тобора ичкари тортади ҳаёт,
Тобора чигалдир ришталар.
Авжидан ажралиб боради баёт,
Тобора ичингни ит талар.
Мумкинлар қариган орзулар,
Сотқиндир ҳар ўтган онларинг.
Кўлмакда ярми йўқ ой сузар,
Тобора кечикар тонгларинг.
Тобора атрофинг ҳувиллар,
Ўзингни йўқотиб қўясан.
Бўшлиқлар бўридек увиллар,
кимгадир эҳтиёж туясан.
тобора,
тобора,
тобора...
Даврон Ҳотам: Қирғизистондаги бугунги Ўзбекларнинг ҳаётига қизиқиб, бефарқ бўлмаган барча-барчага раҳмат! Қаерда бўлмасин, нима қилаётганимиздан қатъий назар, барча ўзбеклар, барча туркийлар бир эканлигимизни унутмасак ва яхши кунлар умидлари ҳеч қачон узилмаслигини, биргаликда маънавиятимизни юксалтиришни тилаб қоламан.
http://www.bbc.com/uzbek/interactivity/2014/06/140602_cy_talking_point_davron_hotam