11.10.2016

Бегонамиз биз энди Гулим

Бегонамиз биз энди Гулим
Бегонадан бегонароқмиз.
Сен томонга тушмагай йўлим...
Тўғри топдинг девонароқмиз.

Ишқ шаробин тўкиб юбордик,
Шундан бери ишқдан йироқмиз
Ичмасакда хавосин олдик
Оз бўлсада мастонароқмиз.


Унмаган гул бўлди розимиз,
Узр энди ландовурроқмиз.
Малика ҳам бўлмайди шоҳсиз
Янги кунга эски чироқмиз.

Гар учрашсак бир кун қайдадур,
Не қиламиз, гиначироқмиз
Қизаришиб оламиз бир қур
Сўнг айтармиз:
бегонамиз...
бегонароқмиз...

У, Мен ва У
1
Аслида сени ҳеч алдамадим
Севдим деб айтган чоғим.
Фақат ўзимни ҳеч аямадим...
2
Яна нима қилишинг мумкин,
Шунчалик бўлар-да садоқат
Билмайман, сенга не беришим мумкин.
3
Уйқуга кетишинг кутиб тураман,
Сендан кейин ухларман мудом
Тушларимни кўришингдан қўрқаман.
4
Ҳиёнат қилмадим сенга сира ҳам,
Истаганча титкила телефонимни.
Фақат тушларимни кўрмайман баҳам.


.. га
Дарахтлар баргини тўкади шамол,
Биламан куз келса бу табиий ҳол.
Фақат мени қийнар жавобсиз савол
Нега баҳори йўқ севгимизнинг ёр?!
Ҳалигача куз, ҳалигача қиш
Қийнаб юборди бесамар кутиш.
Чечаклар майли, қани бирор ниш -
Нега баҳори йўқ севгимизнинг ёр?!
Ёмғирзорда сайр этмоқчи эдик,
Йўл сўнгига бирга кетмоқчи эдик.
Ҳаётнинг сиррига етмоқчи эдик,
Нега баҳори йўқ севгимизнинг ёр?!
Биламан, кўзингга яширдинг уни,
Бир соқов сўзингга яширдинг уни.
Сўнг томчи ёшингга чўктириб,
Кузладинг, севгимиз баҳорини ёр
***
Дунё бозор деди аҳли донишлар
Гоҳо ақлинг олар бундаги ишлар
Ким олғир, ким топқир ким эса касод
Ростни ёлғон қилар баъзан миш мишлар.

Яхшилаб ўйласам кўпдир савдогар,
Биров обрў тўплар, биров эса зар.
Боқий дунё учун маблағ йиққан кам
Борининг кўзи кўр, қулоқлари кар.

Бир ёнда орўю бир ёнда виждон
Яна бир растада сотилар иймон.
Кимдир бир чақага сотар ўзини
Бир четда кузатар гадой пушаймон

Мен ҳам бозордаги бир савдогарман,
Гоҳи орзу сотиб армон олганман.
Дунё савдосида хазил бўлмайди
Хатолар фоизин тўлаб толганман...

Дунё ишвасидан юз бурди Машраб,
Хатто шоҳ тахтига тупурди Машраб
Эй кўнгил, боқма бозорнинг авжига

Чиқарда йўл қараб, турибди Миршаб.

                           Даврон Ҳотам