19.02.2015

Ўшда Муғанний таваллуди нишонланди

Раҳимжон АЛИЖОНОВ, Ўш

Февраль ойи адабиётсеварларнинг ойи десак, муболаға бўлмаса керак. Сабаби, бу ойда икки буюк шоирларимиз Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг таваллуд топган кунлари бор. Шунинг учун кўпгина мактабларда, театр ва бошқа адабий тўгаракларда устозларнинг таваллудлари нишонланади. Бугунги кунга келиб, Ўшнинг бетакрор шоири, ғазалнавис ва ориф шоир Ғанижон Холматов (Муғанний)нинг ҳам таваллуди шу ойда нишонланиши анъанага айланиб бормоқда.
Устоз шоиримиз 1949
-йилнинг 5-февралида Ўш шаҳрида дунёга келган. Агар бу йил ҳаёт бўлганида 66 ёшини қарши олган бўлар эди. Айни шу куни устознинг ўзи ўқиган мактаб – Ленин мактабида шоирнинг таваллуди нишонланди.

 “Муғаннийни эслаб” деб номланган бу тадбирда асосан 8-“А”синф ўқувчилари иштирок этишди. Тадбирда шоир томонидан ёзилган шеърлар, ғазаллар, тўртликлар ижро этилди. Шунингдек шоир қаламига мансуб бўлган қўшиқларга рақслар ижро этилди. Шоирнинг 2008-йилда берилган суҳбатидан видеолавҳа ҳам намойиш қилинди. Тадбирга Қирғизистоннинг таниқли артистлари Дилором Соипова, Ҳамидулло Матхолиқов ҳамда театр бош режиссёри Набижон Сабр иштирок этдилар. 

Улар ўз сўзларида мактаб вақтларини хотирлаб, Ғанижон Холматов билан кечган дамларини, театрдаги фаолияти, маҳоратли роллари, ҳаётдаги одамийлиги ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтишди. Қирғизистон ҳалқ артисти Дилором опа Соипова ҳамда Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамидулло Матҳолиқовлар устознинг қаламига мансуб ғазалларидан қўшиқлар ижро этиб бердилар.
Шу билан бирга тадбирга Ўзгандан, Ўшдан адабиётга қадам қўяётган ҳаваскор ижодкорлар ҳам қатнашдилар.


Тадбир давомида мактабнинг адабиётга, шеъриятга энди қадам қўйган 8-“В” синфининг умидли ўқувчиси Муҳаммадамин Хожиакбаровнинг илк ижодларига эътибор қаратилиб, намуналар намойиш қилинди ҳамда ёш қаламкашга оқ йўл тиланди.
Тадбир сўнгида мактаб раҳбари Дилшодбек Мамадалиев сўзга чиқиб, бу каби Ўшнинг таниқли, фахр этгулик фарзандлари яна ҳам кўпайишини, мана шу мактабдан ҳам етишиб чиқишларига умид билдирди.
Тадбир уюштирувчиси мазкур синфнинг синф раҳбари Зуҳрахон опа Муҳитдинова:
-Тадбирдан кўзда тутилган мақсад – бугунги ёш авлодга устоз Муғаннийни яхшироқ танитиш, у кишининг ижодини яқиндан ўрганиш, ҳеч бўлмаганда ўшаларга муносиб ворис бўлишликни ўқувчиларнинг қалбларига сингдириш ҳисобланади, – дейди.
Хотира кечаси якунида меҳмонлар дастурхон атрофида йиғилиб, шоир руҳи покига тиловати Қуръон қилинди.
Маълумот учун айтиб ўтамиз, бугунги кунда ўзбек мактбалари учун чиқарилаётган “Ўзбек адабиёти” дарсликларининг  8 ва 11-синфларида шоир Муғанний ижоди ўрганиб борилмоқда.