19.02.2015

МУҒАННИЙ: ЎЛМАСДАН ЎЛГАН У - ЎЛМАЙДИ



МУҒАННИЙ
Қирғизистондаги ўзбек адабиётининг забардаст дарғаларидан, замонавий ғазалчиликнинг устунларидан бири устоз Муғанний вафот этганига ҳам саккиз ойдан ўтди. Шоир бир тоғ каби узоқлашгани сари бор салобати билан зеҳнимизда намоён бўлиб бормоқда. Муғанний тахаллуси билан танилган Шоир Ғанижон Холматов 5 февралда таваллуд топган эди. Шу муносабат билан бундан икки йил аввал бир мажмуа учун тайёрланган анкетамизга Муғанний домла берган жавобларини илк бор сизга хавола қилмоқчимиз.   



-              Ўзингиз ҳақингизда тўлиқ бир маълумот бериб ўтсангиз.

                                                 Тўқ экан-да  оч экан
                                                 Топганингни соч экан...
Ўша замонларда  Ўшнинг маълум ва машҳур арабий ва форсий билимлар эгаси Турғун отинча хонадони (Ҳозирги Ёшлар кўчасидаги  93-уй ) да 1949 йил  5 февраль чилланинг сўнгги  кунида туғилибман.  Бошқа гўдакларга ўхшамай, дояларга бақрайиб тураверибман. Кетимга тушган шапалоқдан кейингина чинқириб, ҳаётни бошлашга розилик берибман. ”Сен дунёга келиб-келмаёқ калтак егансан ”-, деб  раҳматли холам (Турғун отинча) умрининг охиригача ризолик тилаб ўтди. Оиламиз қўшни маҳалладан (Ҳозирги Комарова кўчаси 15-уй)  ҳовли олиб кўчиб чиқишса-да , болалигим кўпроқ ўша мен туғилган холамнинг уйида   ўтган. Дадам Абдукаримжон, онам Шукурхоннинг кенжа ва эрка фарзанди эдим. Уйдан аразлаган дамлар холамникига чиқиб кетар, дадам совға- саломлар билан олиб чиқар эди. Онам дўппи тикиб сотар, ҳар бир гапида мақол ишлатар, у пайтлар бу одати менда кулги уйғотар,  бу одатнинг  озчиликда учрайдиган ноёб фазилат эканлигини эса кейин англаб етдим. Дадам раҳматли ота касби темирчиликдан хабардор, Россияга қатнаб савдогарлик ҳам қилар эди.

 1956-1966 йиллар Наримонов, сўнг Ленин номли шаҳар мактабларида ўрта маълумот олдим.  Мактабни битиргач, Тошкентдаги театр ва рассомчилик санъати олийгоҳига кириб, 1970 мазкур олийгоҳнинг актёрлик бўлимини тамомлаб, Ўшга қайтдим. 1970- 2007 йиллар З. М. Бобур номли ўзбек академик театрда актер, режиссер ва бош режиссёр, маълум муддат шаҳар мактабларида ашула ўқитувчиси, тўгарак раҳбари сифатида фаолият кўрсатдим. Базмларда доира, мактабда гармон, нонушталарда танбур чалиб ҳофизлик ҳам қилдим.  Замонамизнинг бизнинг тоифа инсонларининг аксариятига хос ётволиб ичишдан, паровоздек чекишдан Аллоҳнинг ўзи қайтарди.
Қорасувлик ( Ўзбекистон)  холамнинг набираси Муҳаррамхонга уйланиб, етти фарзанд кўрдик. Уларнинг учтаси Алишер, Матлуба, Умиджонлар кўпи билан олти ойдан яшаб, келажакка кўчиб кетишди. Қиёматдан ваҳмим йўқ, улар Аллоҳдан гуноҳларимни тилаб олишар, Иншаоллоҳ. Қолган фарзандларим (уч қиз, бир ўғил) етти набирамнинг умрларини тилаб, чевара кўриб, уларнинг қўлидан сув ҳўплашни орзу қилиб ётибман.
Ҳаётда рақибларимнинг барчасидан ғолиб чиқдим. Баъзилари зим кетди, баъзилари  таслим бўлишди. Асирларинг билан бирга яшашдек ноқулай дамлар бўлмаса керак ... Бироқ мени душманларимдан кўра, нодон дўстларим кўпроқ қаритди .
2005 йилда олган Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони  сабаб имтиёзли фахрийман, ношукурликдан сақласин.
50 ёшимни нишонлаганимда шеърият мен учун эрмак (хобби)  эмас,  қиёмат эканлигини сездим ва чилла ўтирмаёқ бўйнимга олдим. Биринчи китобим “Суянганим тор бўлди” 1994 йил, 2-3- китобчаларим “Юз пора дил” 2000 йил кўз очди. Дўстларимга раҳмат!
Тўртинчиси “Сен кетдинг аста- аста ” 2005 йил шу кунгача ҳофизлар томонидан айтилиб келинаётган қўшиқларим ҳисоботи сифатида жилмайди.
... Оловли йил алангасида 63 ёш режалари қовжираб қолди. Бироқ мухлис биродар дўстлар билан “Қазо дарслари“ китобчам  100 дона чоп этилди.
Дунёга келишни интиқиб кутаётган китобларим: “Юз пора дил” (3, 4, 5- китоблар),  “Арузий армонлар”(Девон -500 ғазал) , “Куйдан куёв кутган қиз” (Ҳижрон қўшиқлари , янги қўшиқлар), “Руҳнинг кўз ёшлари ” , “Қазо дарслари” (2-китоб),  “Қазо дарслари” ( 500 тўртлик).
Шоир Муғанний ва шайх Алоуддин Мансур

-              Адабиёт сўз санъати экан, муайян асарнинг инжа санъат намунаси эканлигини қандай мезонлар асосида баҳолаш зарур?
-              Юксак бадиийлик асосида
-              Назм (наср, драматургия) ҳақидаги ўйларингиз?
- Назм Шавкат Раҳмон даражасида қолиб кетмоқда. Насрда Улуғбек Ҳамдам, Тўхтамурод Рустам ижоди янги қадам. Драматургия театр инқирози, тўғрироғи турғунлиги сабаб,  ўз бошидан драматик ҳолатларни кечирмоқда. Янги ҳаво зарур...

-              Адабиётдаги турли йўналиш (оқимлар)га муносабатингиз?

-              Адабий йўналишлар умумадабий ҳолатга боғлиқ. Эркин ижод мевалари тарзида намоён бўлади.

-              Сизга илҳом бағишловчи манбани айта оласизми?

-              Руҳий манба- Муҳаббат. Табиий манба – Барокўҳ ва Оқбура. Улар илҳом келиши учун туртки вазифасини ўтайди.

Ҳаётий воқеа ёки шахсий хаётингизга тегишли кечинмалар баёни   ифодаланган асарингиз билан таништирсангиз.

-              Янги асар дунёга келиши учун эса ўша дамгача ижодкор руҳиятидаги мавжуд барча хотира ва кечинмалар иштирок этади. 

-          Ўз ижодингизни қандай мезон асосида баҳолайсиз?

-Энг аввало Муғаннийга ёқиши керак.

Қирғизистондаги бугунги ўзбек адабиёти, Ўш адабий муҳитида яшаб, ижод этаётган ижодкорлар хақидаги мулохазаларингиз?

-              Марказлашув зарур. Акс ҳолда ижобий натижалар орзулигича қолаверади.

-Сўнгги йилларда нашр этилган қайси асрлар билан танишдингиз?

-Даврон Ҳотам, Улуғбек Ҳамдамни кашф этдим.

-      Севимли ижодкорингиз ва асарингиз номини айта оласизми?

-              Улуғбек Ҳамдамнинг “Ёлғизлик” ва сўнгги ҳикоялари

Жавобга ниҳоя

Муғанний ҳеч одам бўлмайди.
Бу банданг кўнгилга тўлмайди.
                                                                 Шаънига марсия битма дил,

Ўлмасдан ўлган У-ўлмайди.