19.02.2015

НОВВОЙНИНГ 1 КУНИ


Ўш шаҳрида тунги соат уч. Одатда бу маҳалда   аҳолининг асосий қисми тинч уйқуда бўлади. Бироқ  хали хўроз хам қичқиришга улгурмай,   бир касб эгалари ўз ишларини  бошлаш учун енг шимаришади. Ҳа, тўғри тахмин қилдингиз. Булар новвойчилар. Шаҳримиздаги новвойхоналарнинг бирида бўлиб, новвойлар билан суҳбат қуришга ҳаркат қилдик. Улардан бири эса Алишер.  
Алишер 17 ёшда. Бу новвойхонада хамир қорувчи бўлиб ишлаганига ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Болалигиданоқ отасига ёрдам бериб келган қаҳрамонимиз энди мустақил хамир қориб, иш бошлаган даври.
Аппарат ёрдамида тайёрланган хамирни ёғочдан ясалган идишга солиб қорилади. Асосан хамирни маромига етказиш учун жисмоний куч талаб қилинганлиги боис, кўпинча бу йўналишда йигитлар ишлайди. Алишер кунига 3 қоп ундан хамир қилади.
Обдон қорилган хамир  ярим соат ўтиб,  Яхёбекнинг қўлига ўтди. У хамирларни   граммларга бўлиб, зувала қилади. Бошида ҳар бир нарсани торозига солиб,  тортиб турса, ҳозир нонвой кўз ўлчовига ишонади. Биринчи қопни тунги соат учда тайёрлаган бўлса, тонг сахаргача учинчисини ҳам битиради.

Ҳар бир қоп ундан 220 та нон чиқар экан. Тонги соат 5 га яқин “паркашчилар” келади. Ўз вазифасига кўникиб кетган қўллар,  тайёр бўлган хамирларни маромига етказиб ясай бошлашади.
Шундан сўнг хамир тандирга, аниқроқ айтганда, “устага” юборилади. Устанинг иши бошқаларникидан фарқланган ҳолда кечроқ соат олти ларда бошланади. Ноннинг хамирига сувга аралаштирилган қуруқ сут суртилиб, тандирга ёпиштирилади. Қуруқ сут нонга қизғиш- сариқ тус бериш учун ишлатилар экан. Ҳар бир нон 7 -8 дақиқада тайёр бўлиб қолганига лол бўлиб қоласан киши. Новвой ўт ёқишнинг ҳам ўз усулини ўзлаштириши керак. Масалан, олов  бир қолипда, бир текисда ёниши учун кўмирни сўзсиз милтиратиб ёқмаса нон куйиб кетади.

Мазкур новвойхонада жами бўлиб беш  нафар ходим фаолият олиб боради. Бу касбнинг ҳам қийинчиликлари билан бирга, хунар эгасининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жиҳатлар бор. Масалан, 3 қоп унга ярим қоп кўмир сарфлаш керак. Кўмирдан чиққан иснинг зараридан химоя қилиш учун новвойлар кунига сут ичиб туриши зарур экан. Бироқ  ҳамма новвой ҳам бунга амал қилавермайди. Ёзнинг иссиқ кунида ҳам мазкур соҳа вакиллари бошларига нам дурра ўраб ишлашади. Чала сиқилган дурра икки дақиқада қуриб, қайта намлашга тўғри келади. Шундай қилмаса, қон босими тез кўтарилиб кетиши мумкин.
Биз борган вақтда қўли-қўлига тегмай нон ёпаётган Музаффар аканинг вақтини олмаслик учун суҳбатимизни қисқа қила қолдик.
18 йилдан бери нон ёпиб келаётган Музаффар аканинг айтишича, шанба ва якшанба кунлари тўй маросимларга буюртма  кўп келади. Бундай вақтларда 1500донагача нон ёпишади. Айрим вақтларда бундан ҳам кўп.  Қолган кунлари бўлса, бир кеча кундузда 800га яқин нон ўз эгаларига етказилади.

Мана шундай қилиб, тонгга яқин иссиқ нонлар тайёр бўлди. Ерга ёруғ тушганидан бошлаб, тун қоронғуси бошлангунга қадар  новвойхонанинг олдига келган харидорларнинг  оёғи узилмайди. Ҳар бир новвойхонанинг ошхоналар ёки дўконлар билан ўз шартномаси бор. Шунга яраша тонг  сахарда ошхоналарга нонларни етказиб бериш бошланади.