Қирғизистон
мусулмонларининг дин бошқармалиги шарият болаларни эмлашга қарши эмаслиги
тўғрисида ўз сайти орқали маълумот тарқатди.
Бунга сўнгги
йилларда айрим мусулмонларнинг фарзандларининг эмланишига қарши бўлиб
келаётгани сабаб бўлган.
Муфтият
билдирувида ҳар бир инсон эмлаш-эмламасликда эркин эканини айтиш билан бирга,
Ислом дини соғлиққа ғам кўриш, инсон саломатлигига хавф соладиган турли
зиёнлардан, касалликдан сақланиш ҳамда ҳар бир дардга тегишли дори-дармонларни
олишга қарши эмаслиги ва турли юқимли касалликлардан сақланишга ундаши ёзилган.
Статистикага
кўра Ўшда эмлаш ёшидаги 8 минг нафар атрофида бола бор. Унинг
икки минга яқини бир ёшдаги болалардан иборат, уларнинг 14
фоизи эмлашдан ўтмаган. Олти ёшдаги болаларнинг сони 6 минга яқин
бўлса, уларнинг 91 фоизи
эмланиб, 9 фоизи
қолиб кетган. Фарзандини
эмлатишни истамаганларнинг сони
2014-йилнинг ҳисоботи билан 369 кишига етган.
Маълумотларга
кўра эмлатишни истамаганларнинг кўпчилиги
вакциналарнинг хорижларда ишлаб чиқарилганлиги, таркибида бепуштлиликка
сабаб бўлувчи ёки соғлиққа зиён келтирадиган моддалар бўлиши мумкин деб,
хавфсирамоқдалар.Бундан ташқари ота-оналар вакцинанинг таркиби бўйича
шифокорлар тўлиқ маълумот бермаётганидан эмлашни рад қилишаётганини
билдиришган.
Ўш шаҳар
СЭС иммунно- профилактика бўлими
ходимлари эса вакцина хорижда ишлаб чиқарилгани билан, у жаҳон соғлиқни сақлаш
ташкилотидан текширувдан ўтказилишини, дорилар биргина Қирғизстонга эмас, барча
давлатларга тарқатилиини айтишади. Шунинг учун хавфсирашга асос йўқ. Ҳар бир
касалликнинг ўз давоси бўлиб, ўша дарднинг олдини оладиган моддаларгина
қўшилади, дейди мутахассислар.
Министрликнинг
маълумоти бўйича, йил бошидан буён республика миқёсидаги юқумли касалликлар клиникасига 2 минга яқин бемор мурожаат
қилган. Уларнинг 1220 нафарида қизамиқ касаллиги аниқланиб, даволанишмоқда.
Эслатиб ўтсак, эмлашдан ўтиш Қирғизистонда мажбурий эмас. Ота-оналар бундан
ёзма равишда бош тортса бўлади. Биринчи марта қизамиққа қарши эмлаш ўлкада
1968-йили бўлган.