Йил якунланар экан, одатда инсон ортига бир боқиб, сарҳисоб қилади,
келаётган йилга атаб режалар тузади. Ўшда ташкил этилган “Ынтымак” телерадиокомпаниясининг бош директори билан ўтказган
суҳбатимиз ҳам эски йил сархисоблари ва янги режалар ҳақида бўлди.
![]() |
"Ынтымак"ТРКсининг янгиликлар бўлими |
-Данияр ака суҳбатимизни “Ынтымак” худудий
жамоат телерадиокомпаниясининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳақидаги
савол билан бошласак.
- Компаниянинг
очилиши- биринчидан, худудий ОАВларининг даражасини кўтариш, янги босқичга оиб
чиқиш. Бизнинг телевидение кўп тилли. Биласизлар, бошқа худудий телевидениелар
бир тилдагина дастурлар тайёрлайди. Яна бир энг асосий мақсадимиз худудда
истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш,
миллатлар аро маданий алоқаларни кучайтириш ҳисобланади. Икки йил мобайнида турли
тушунмовчиликлар, ҳар хил саволлар ҳам бўлиб турди. Ҳозир аста-секин бизнинг
олиб бораётан сиёсатимизга, ишимизга гувоҳ бўлганларда шубҳали саволлар йўқ
бўла бошлади. Телевидениенинг рейтинги юқорилаб, ўз томошабинларига эга бўла
бошлади. Бу билан мақсадларимизга ета бошладик десак бўлади.
![]() |
Данияр Садиев |
Ҳозирда медианинг талаблари ўзгариб бормоқда.
Маълумот беришнинг янги усуллари чиқиб, янги технологиялар қўллана бошланди.
Замон талаби билан телевидениялар, радиолар ўзгара бошлади. Масалан, газеталар
сайтларга чиқиб, радиони, телевиденияни интернет орқали жонли кўриш имкони
пайдо бўлди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда “Ынтымак” компаниясининг принциплари
бошқачароқ тузилган. Яъни, ахолини ишга радио билан олиб бориб, ишда интернет
орқали хабарлар бериб, уйига келганда телекўрсатувларимиз ва газета орқали
хамроҳ бўлишга харакат қилмоқдамиз. Бу бизнинг бошқа медиа компаниялардан
фарқимиз десак бўлади.
Худудларда газетага бўлган эҳтиёж йўқолмоқда, деган
сўзлар кўп айтилади. Бироқ мен газетанинг ўз ўқувчилари бор эканига ишонаман.
Шу сабаб “Ынтымак” тўрт платформа билан ишламоқда. 2014 йили мана “Биз”
газетасини чиқаришга эришдик.
-Ҳалқ орасида “Ынтымак” кимники? Эгаси ким? деган саволлар бор. Шу саволга бош
директор қатори жавоб бериб ўтсангиз.
-Бу масалада мени ўзимдан ҳам кўп сўрашган. Ижтимоий
тармоқларда ҳам кўп муҳокама қилиниб, турли тахминлар илгари сурилди. Бизнинг
телекомпания 2012-йилнинг 1-ноябрида
Қирғизистон Хукуматининг қарори билан давлат қарамоғида тузилган. Бироқ бошқа
давлат телекомпанияларидан фарқимиз, биз жамоат бошқаруви асосида фаолият олиб
борамиз. 100 фоиз давлат ишхонаси бўлганимиз билан жамоат бошқарувида, бошқача
айтганда назорат кенгаши сиёсатимизни, ички жараёнимизни аниқлайди.Шунингдек,
назорат кенгаши бош директорни сайлайди, ундан хисобот талаб қилади.
Аввалига донорлар, тижорий йўллар билан моддий
таъминланган бўлсак, ҳозир давлат томонидан ҳам ёрдам ола бошладик.
![]() |
Ширин- радио бошловчи |
-2014-йил сўнгига чиқди. Шу йилги муваффақиятлар
ҳақида айтиб ўтсангиз.
- Одатга айланган сўз бор-ку, “сўзим қуруқ бўлмасин”
деган. Шунга ўхшаб, мен ҳам сўзим қуруқ бўлмаслиги учун сонлар билан келтирай. “М-Вектор” деган кузатув гуруҳи бор. Улар
кунига, ойига ва йилига телерадиокомпанияларнинг томошабинларини аниқлаб
туради. Ана шу кузатувлар натижасида 2013-йилдаги рейтингимиз 1 фоизга ҳам
етмаган эди. 2014 йилнинг сентябрь ойида чиқарилган натижалар бўйича эса 2,7
фоизга етдик. Бу томошабинларнинг кўпайгани, аудиториянинг кенгайганини
билдиради. Демак, ахолининг ишончига эга бўла бошлаяпмиз десак бўлади. Агар
ишонч бўлмаса ҳеч қандай аудитория, ҳеч қандай рейтинг бўлмайди. Шу сабабдан
ахоли билан ўзаро алоқа ўрнатиб, одамлар орасидаги муаммоларни хал қилишга
ёрдам бериб, керакли инсонлар билан учраштириб, муаммони ечиш йўлларини
кўрсатиб, эл ишончини оқлашга харакат қилмоқдамиз. –
- Янги йилга қандай режалар қилмоқдасизлар?
-Асосан “Ынтымак” компаниясигина эмас, барча теле
каналлар рақамли фаолиятга ўтади. Буни режа дейиш ҳам нотўғри. Чунки бу барча
медиаларга юкланган вазифа. Режамиз рақамли узатишга ўтган ҳолда ҳам аудитория
билан алоқани мустаҳкамлаш, ривожлантириш. Бу шаклда жуда яхши имкониятлар бор.
ҚРнинг ОАВ бўйича қонунида муаллифлик маҳсулотлари 60 фоизни ташкил қилиши
керак. Давлат тилидаги дастурлар 50%дан кам
бўлмаслиги керак. Бунинг бари қўшимча меҳнат. Биз дастурларимизнинг сонини
кўпайтириш билан бирга сифатини ҳам юқорилатишимиз керак.
-Суҳбатимиз сўнгида юртдошларимизга янги йил
тилакларингизни билдириб ўтсангиз.
-Энг муҳими ўлкамизда интимоқ бўлсин, экранда
“Ынтымак” бўлсин! Одамларда бир-бирига ишонч бўлсин. Юртимиз, замонамиз тинч
бўлишини тилайман. Ҳозир турли умидсиз (пессимист) прогнозлар айтилмоқда,
шуларнинг бари амалга ошмай қолсин. Янги йилда фақатгина позитив ишлар бўлсин.