19.02.2015

КИТОБЛАР ЯШАБ ҚОЛАДИМИ?


Раҳимжон АЛИ

Яқинда китоблар ҳақида бир маълумот ўқиб қолдим. Бунда китобларнинг яшаши ёки яшамаслиги ҳақида сўз юритилган. Қарангки технология ривожланаётган XXI асрда китоблар яшайдими мавзуси турли ҳил қарашларни юзага келтирмоқда. Хақиқатдан ҳам ўйлаб кўрсак, китобларга эҳтиёж сезилмаётгандай кўринади гўё. Ҳозирда, интернет  бутун дунёни қамраб олган бир пайтда, у орқали исталган мавзуга жавоб топилади. Тўғри-да, фалон пул сарфлаб китоб сотиб олгандан кўра интернетдан мазкур маълумотни юклаб олиш қулай-ку! Ёки турли туман сайтлардан ҳатто ўзингизга ҳам номаълум бўлган ажойиботларга эга бўлишингиз мумкин. Ёки бирор бир янгиликни "нами қуримай” ўқишингиз мумкин, ва ҳоказо...

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз китоб ўқувчилар орамизда неча кишини ташкил қиларкин? Ҳа, буни билиш қийин эмас. Жудаям саноқли. Дўстларимизни, ҳамкасбларимизни, қариндош-уруғларимизни кузатсак, қанчалаб инсонлар китоб мутолаасидан узоқда. Лекин уларнинг ҳаммасиям интернет тармоқларидан фойдаланавермайди. Бу дегани "жамиятда китоблар инқирози юзага келмоқда” дегани эмасмикин? Маънавиятимиз нима бўлади? Укаларимиз эса мактабларда “китоб менинг дўстимдир” деб, шеърлар айтишади ёки биз ҳам ҳеч иккиланмай “китоб—инсоннинг дўстидир” деб, айтаверамиз. Тўғри, китоб инсоннинг дўсти, у ҳамиша дўст, лекин биз, инсонлар китобга қанчалик дўстмиз? Суҳбатлашсангиз ҳатто кўплари мактабни тамомлаганидан буён бирор марта китоб ушламаганлигини айтишади. Баъзилар эса бу мавзуга китобнинг савиясини баҳона қилишади. (Ахир асл китобхон учун бу баҳона эмас-ку! Савияли китобни топиб ўқишда давом этаверади!)
Қаранг, мазкур асрда тараққиёт мисли кўрилмаган юксакликларга эришиб келмоқда. Ҳатто сиз ўзингиз ёқтирган китобни электрон вариантларини қийналмай топишингиз мумкин. Электрон китобларда эса турли форматдаги китобларни бемалол мутоала қилаверасиз.Интернетда эса тўғридан-тўғри ўқишингиз мумкин. “Java” форматдаги китобларни телефонингиз бемалол "ўқийверади”, фақат "оригинал” бўлса бас!
Лекин, ғарбда китоблар савдоси анча қизиган. Биздан кўра технологиядан анча олдинда бўлишига қарамай автобусларда, трамвайларда, метроларда китоб,газета-журналларни ўқиётган инсонларга кўзингиз тушади. Бизда-чи?..
Азиз ўқувчи, сиз ўзингиз охирги ўқиган ёки ўқиётган китобингиз ҳақида биз билан ўртоқлашсангиз.Ёки айтайлик, 30-40 йилдан кейин китоблар орамизда яшайдими, китобларга эҳтиёж бўладими? Китобхонлар сони нима учун камайиши ёки қандай сабаб билан китобга иштиёқ уйғотиш мумкин? Шу ва шунга ўхшаган фикрларингизни кутиб қоламиз.