19.02.2015

Ўш Ўзбек академик театри 95 йиллигини нишонлади


Тошкентдаги Миллий театрдан сўнг Марказий Осиёнинг энг кекса театри ҳисобланадиган Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик мусиқали драма театри 29 ноябрда ўзининг 95 йиллик юбилейини нишонлади. Бобур театри Қирғизистонда 1918 йилда энг биринчи бўлиб ташкил этилган санъат даргоҳидир.

95 йиллик шодиёнада Қирғизистоннинг барча ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди. Театр санъаткорларини Қирғизистон парламенти депутатлари, давлат, жамоат ва маданият арбоблари қутлади.
Сўзга чиққан меҳмонлар Бобур театри икки ҳалқнинг, яъни қирғиз ва ўзбек халқлари маданияти орасида кўприк бўлганлигини, икки ҳалқнинг дўстлигини мустаҳкамлашда мазкур театрнинг ўрни беқиёс эканлигини айтиб ўтишди.

Театр саҳнасида 95 йил давомида600дан ортиқ спектакллар саҳналаштирилди. Театрнинг Неъматжон Неъматов, Толибжон Баъдинов, Турсунхон Солиева, Ойтожи Шобдонова, Бахтиёржон Тўхтаматов, Розияхон Мўминовакаби ўндан ортиқ санъаткорлари Қирғизистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Бугунги кунда Ўшда театр санъаткорлари номига қўйилган Розияхон Мўминова, Неъматжон Неъматов каби кўчалар бор.