Муаллиф - МУСОФИР (Ўш)
( Ҳикоя )
Аҳрор охирги рейсни йиғиштирди. Диспетчерга
"лапа" қилди-ю, боғчага шошди. Тўрт яшар Лола
тарбиячиларнинг "адабини бераётгандир"...
Даранглаб очилган дарвоза ортидан
қоп-қоронғи ҳовли файзсиз, ҳувиллаб кўринди. Кечагина супурилган йўлакларни яна
ҳазон қоплаб ётибди. Имирсилаб ёғаётган ёмғир, ўчиб қолган чироқ, совуқ уй...
Кайфияти бузилди. Келгунча қўлида ухлаб қолган қизини каравотчасига авайлаб
ётқизди. Устига кўрпачани ёпди. Ошхонага чиқиб овқатга уннади ( яхшиям саҳарлаб
печкани тайёрлаб кетган )...
Димламанинг ҳиди димоғини
қанчалик қитиқламасин, иштаҳаси бўғилди. Қозон тувоғини ҳафсаласизлик билан
ёпди-ю, айвон лабига чиқиб сигарет тутатди. Қизи пишиллаб ухлаяпти, хотини
ишдан келишига ҳали икки соатча бор. Ҳар куни шу аҳвол...
Севара гўзаллик салоними,
модалар уйими, ишқилиб шунақа жойда админстраторми, менеджерми-ей бўлиб
ишлайди. Аҳрор у ерга бир марта борган, хотинига пул олиб бориб берган. Ўз
ҳолича боргани вақти ҳам йўқ, ишдан бўшамайди. Қолаверса Севаранинг
"ажинаси" тутади, текширяпти деб. Шундан безиллаб ҳам бормайди.
Жанжал чиқмасин деб бошқа йўналишдаги автобусга ўтиб кетган, хотини шаҳар
транспортида юрмаса ҳам. Хархаша, машмашадан безиб Севаранинг туғилган кунига
янгигина "мерс" совға қилди-ю( кредитга бўлса ҳам ) , қулоғи тинчиди.
Ахир шу машина туфайли оддийгина Севара кимсан Севара Фалончиевнага айланди
қолди. Ҳафтада ҳеч бўлмаса бир икки жойга ўтиришларга борадиган, оммавий
ахборот воситаларидан тез-тез кўриниб турадиган аёл пиёда юрмайди. Қайнонаси
айтди-ку...
Хотини жуда ҳам меҳнатсевар,
ишбилармон, уддабурролиги Аҳрорнинг бахти экан. Ҳар жума кечки рейс билан
пойтахтга учади. Ўзи айтмоқчи "за товаром". Якшанба куни тушда
қайтади-ю, бўшамайди. Қоронғи тушгунча олиб келган матоҳларини буюртмачиларига тарқатади.
"За рулем" ҳориб чарчаб келади-да, қизчасига ҳам қарамай ётоққа кириб
кетади. Ярим кечаси туриб эрни туртади, нима овқат қилдиз ?... Бошқа кунлари
ҳам келибоқ бир бало журналларни варақлаб овқатланади. Ухлаётган қизчасига бир
қараб ўзича эркалатган бўлади-да ётиб ухлайди. Шунақа пайтда Аҳрорнинг фиғони
фалакка чиқади-ю, индамайди. Қизчасини кўзи қиймаганидан, хотини нима жавоб қилишини яхши
билганидан ўзини босади. - Фарзанд
дедингиз, туғиб бердим. Етади. Энди каръерамга тўғаноқ бўлманг, акс ҳолда ана,
эшик очиқ... Бу гаплар Аҳрорнинг бошидан кириб, товонидан тешиб чиққандай
бўлган. Қайнотаси ҳам аралашолмайди. Қолмишига чойхонага ош айтиб қўйинг, деб
тез-тез куёвболани "грузить" қилиб туради. Табиатан ювош, кўнгилчан
эр буларнинг ҳаммасига чидайди. Чидайди-ю, ўйлаб кетади. Тўғри, Севара ёмонмас.
Ўзи айтмоқчи "порядочная". Лекин кўпчилик аёллар каби уйнинг
фариштаси (кўчанинг эмас!) бўлиб ўтирса, мана бу мурғаккина қизини ҳеч бўлмас
мактаб ёшига еткизгунча ишламай турса бўлмайдими? Аҳрорнинг ҳам топиши ёмонмас,
ҳар қалай рўзғори бут. Ундан ташқари қизи учун алоҳида ҳисоб рақами очтириб
қўйди. Ўзининг жамлагани бир эмас, икки машинага етади. Севарага яна нима
керак? Арзимаган нарсаларга етган вақти қизчасига етмайдими? Эрига-ку тузукроқ
бир қайрилиб қарамаганига анча бўлган... Фақат пул керак бўлса, ёки телефонига
пул солиш кераклигида эй! дейди. Унда ҳам телефон орқали, номери кўринмайди
телефон қилганида. Қайтариб телефон қилолмасанг. Қайси номердасан деб сўраб
қўйиб яна балога қолсанг. Эҳ, шунақа турмушни...
Машина сигнали Аҳрорнинг
хаёлини бўлди. Лекин "мерс" эмас. Сергакланиб дарвозага югурди.
Ташқарида номаълум бир киши турарди. - Кечирасиз, саккизинчи хонадон шуми? Мен
таксичиман. Аёлингиз чорраҳада машинамни сузиб пачоқ қилди. Ўзини касалхонага
олиб кетишди, оёғи синибди. Телефон номерингизни эслолмади, телефони машинасида
қолиб кетибди. Манзилингизни сўраб олиб, сизга хабар бериб қўяй деб келдим.
Ҳарқалай аёл кишида, савоб бўлади. Мендан хижолат бўлманг, машинам
суғурталанган. Унинг устига аёл кишидан даъво қилиш уят. Ҳа, айтмоқчи. Мерсни
янгилаб берасиз энди, ука. Ўзи омон қолди, шунисига шукр денг. Мана бу номерга
телефон қилинг, янгангизни ўша касалхонага юбордим. Сиз боргунча кўз қулоқ
бўлиб туради.
Нотаниш киши бир парча қоғоз
узатиб, қаёққа ғойиб бўлганини ҳам пайқамаган Аҳрор, остонада карахт турарди...
Жарима майдончасидаги
"мерс"нинг аҳволи ғижимланган қоғоздай эканини кўрган Аҳрор , ичида
худога шукрона аралаш бир қўрқув сезгандек бўлди...