4-январь куни Ўшдаги “Бобур” театрида биринчи бор
ҳаваскор ёшлар томонидан “Буратино эртаги” деб номланган ҳазил томоша тақдим
этилмоқда. Қирғизистондаги ўзбек
томошабинларининг ҳам қўшни давлатдаги “Миллион”, “Дизайн” каби жамоалардан
хабари борлигидан шубҳа йўқ. “Биз”нинг бугунги меҳмонимиз “ОК” гуруҳи ҳам “Миллион” йигитлари каби аввалига “Ынтымак”
ХЖТРКси томонидан ташкил этилган “Қувноқлар ва зукколар” ўйинларида иштирок
этишган. Эндиликда эса, ўзлари каби гуруҳлар орасида биринчилардан бўлиб ўз
томошаларини қўйишга куч топа олишди. “Ок” жамоасининг ташкил топиши ва концерт
ҳақида маълумот олиш мақсадида жамоанинг икки аъзоси Ботиржон Носиров ва Мирзохид
Нажимидинов билан қисқача суҳбат уюштирдик.
-
Ҳуш
келибсизлар. Суҳбатимизни “Ок” жамоаси ҳақида қисқача маълумот бериш билан
бошласанглар.
Ботир - Раҳмат. Биласиз, “Ынтымак” радиосининг бир нечта
фанклублари бор. Биз ҳам ана шу фанклублардан бири сифатида “ҚВЗ”да иштирок
этдик. Менимча, томошабинга ёқадиган бир-иккита яхши гапларни топиб айта олдик.
Лекин, бу осон бўлмади. “ҚВЗ”нинг бошланишига оз вақт қолганда жамоадаги айрим
иштирокчилар ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолишди. Қолганлари эса бир кун қолганда саҳнага
чиқишдан воз кечишди. Тўғриси, саҳнага чиқиш осон эмас. Қўрқинчли экан. Жамоа
тарқаб кетгач, “Бест” гуруҳидаги акалардан ёрдам сўрадим. Улар ҳам соғ
бўлишсин, ёрдамларини аяшмади. Уларнинг таклифи билан жаоага “Окей” деб ном
қўйдик.
-
Ҳозир
жамоада қанча иштирокчи бор?
Мирзохид – Ҳаммаси бўлиб тўққиз кишимиз. Улардан иккиси қиз
бола. Жамоадагиларнинг орасида асосан “Бест” гуруҳи яъни мен ва .... анча-мунча
саҳнага чиқиб, аввалдан қўшиқчилик билан шуғулланиб келганмиз. Қолганлар эса
саҳнага ҳали янги. Талабалар, ҳунармандлар. Лекин, барчасида кучли қизиқиш бор.
-
Қирғизистондаги ўзбек театри, ўзбек қўшиқчилигининг тарихга
қадалувчи илдизи мавжуд. Лекин, қизиқчилик санъати ёки сизларники каби юмор
жамоалар жуда оз, балки йўқ дейиш ҳам мумкиндир. Сизлар биринчилардан бўлиб,
икки соатга мўлжалланган хазил томошани ташкил қиляпсизлар. Тайёргарликлар
қандай кетяпти? Қандай муаммолар бор?
Мирзохид – Бир нарсаларни ўйлайсиз, фантазия қиласиз. Лекин,
ўйланган нарсани томошабинга тўлақонли қилиб етказиб беришнинг ўзи бир муаммо.
Саҳнага чиққан одамда оз бўлса ҳам актёрлик қобилияти, кўрувчилар билан мулоқат
қила олиш малакаси бўлиши керак. Биз мана сал кам икки ойдан бери шу концертга
тайёргарлик кўраётган бўлсак, хали ҳам қаттиқ хаяжондамиз. Осон эмас, икки соат
томошабин эътиборини ўзинга жалб қилиш, кулдириш...
Ботир – Биз олдин саҳнага чиққанимизда ошиб кетса 10-15
минутлик саҳна кўринишлари тайёрлардик. Энди биринчи марта икки соатга
мўлжалланган томошалар тайёрлаяпмиз. Бунинг машаққати жуда катта. Бунинг устига
тайёргарлик кўриш учун жой ҳам муаммо бўлди.
-
Мана
шу концертни уюштиришдан асосий мақсад нима ўзи?
Ботир – Бунақа концерт Ўшда биринчи бор бўляпти-да.
Мақсадимиз шу бир янгиликни бошлаб берсак, бизни томошамизга келганлар ҳаётдаги
муаммоларидан бир оз бўлсада чалғиб, кулиб, хурсанд бўлиб кетишса.
Мирзохид - Гапнинг очиғи бошқа давлатларда шу каби
концертлар, “КВН”лар анча ривожланган. Шуларни кўриб хавас қилардим. Бизда ҳам
бўлса деб ният қилардим. Олдин эсласангиз Ўшда “Қизларжон” деган танлов
бўларди. У ҳам йўқ бўлиб кетди. Энди шукр мана “Ынтымак” кўмагида ўзбекча “ҚВЗ”
йўлга қўйилди. Биз буни янада ривожлантириш, ёшлар турли ёмон ишлар билан вақт
ўтказгандан кўра шу каби санъат турлари билан машғул бўлса деб мақсад қиламиз.
-
Концертда
бизни нималар кутади? Шу ҳақда қисқача маълумот бериб ўтсанглар.
Ботир: Дастуримизнинг бир учини чиқарсак... Концерт
давомида томошабинлар билан қизиқарли савол-жавоб ўтказамиз. 10-15 минут
оралиғида томошабинлар ўзлари истаган саволларини бизга беришлари мумкин. Шу
савол асосида биз кўнгил кўтарувчи жавобларни ўша ернинг ўзида беришга
уринамиз. Ундан ташқари албатта “чапани ўзбек” қиёфасидаги Буратинонинг
саргузаштларига гувоҳ бўласиз.
Мирзохид – Концертимизга “Аввали”, “Ҳаёт” гуруҳлари, Даврон
Айтиев ва радио бошловчи ва қўшиқчи Санжарбек ҳам таклиф қилинган. Вақти-вақти
билан уларнинг қўшиқларидан ҳам баҳра оламиз.
-
Суҳбат
учун раҳмат. Концертни томоша қилгач, балки яна бир суҳбат уюштириб, таассуротларни
ўртоқлашамиз деган умиддаман.
Ботир: Сизга ҳам катта раҳмат.