Раъно Эназарова
Ўш вилоятида туғма нуқсон билан туғилаётган болаларнинг
сони ўсмоқда. Шифокорлар бунга оналарнинг ўз соғлиқларига етарли даражада
эътибор бермасликлари сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2013 йили Ўш
вилоятида 200 нафарга яқин нуқсонли чақалоқ дунёга келган бўлса, 2014 йилда туғилган 7023 боланинг 289
нафари туғма нуқсон билан ёки муддатидан аввал туғилган. Ўш вилоят туғруқхонасининг жонлантириш
бўлимининг раҳбари Гулжан Акматова
уларнинг ичидан 34 чақалоқ яшаб кетолмаганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
Шифокорнинг билдиришича, туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болалар кўпроқ рўйхатга олинмоқда. Бундан ташқари, маълумотларга кўра
туғма ичак тутилишлари, ингичка ва йўғон ичак атрезияси, урологик нуқсонлар ҳамда асаб тизими билан
боғлиқ туғма нуқсонлар билан туғилишлар учрайди.
Фарзандининг туғма нуқсон билан туғилишига онанинг баъзан
арзимасдек туюлган ҳолларга эътибор қаратмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин экан. Масалан, ҳомиладорликнинг 4-12 ҳафтасида ҳомиланинг тана аъзолари
вужудга келаётган бир паллада аёл организмидаги ҳар қандай ножўя ўзгаришлар туфайли туғиладиган болада нуқсонлар пайдо бўлиши
мумкин. Хатто оддий грипп ҳам бунга сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Бунинг олдини олиш учун эса ҳомиладор аёллар шифокор
назоратида бўлиши, истеъмол қилаётган маҳсулотларига кўпроқ эътибор қаратиши зарур дейди
шифокорлар.
Ўшдаги вилоятлар аро болалар клиникаси 520
ўринга мўлжалланган. Бироқ, баъзан 700 яқин беморларни қабул қилишга мажбур бўлиб қолади. Ҳозирда бу касалхонада Ўш вилоятидан ташқари Жалолобод, Баткен
вилоятларидан келган туғма нуқсонли болалар даволанмоқда.
Шифокорлар нуқсонли болалар кўп ҳолларда Россия каби бошқа ўлкаларда ишлаб келган
аёллардан туғилаётганини айтишмоқда. Бунинг сабаби, улар ўз вақтида рўйхатдан ўтмайди, шифокорлар назоратида
бўлмайди, ўзининг соғлигига ҳам кўп
эътибор бермайди. Туғилиш вақтига оз қолган вақтда бизга келади ва оқибатда туғма юрак нуқсони билан оғриган чақалоқлар дунёга келмоқда, дейди шифокор Гулжан Акматова.
Бундан ташқари мутахассислар
биринчи фарзанднинг нуқсон билан туғилиши, кейинги ҳомилага ҳам ўз таъсирини кўрсатиш
эҳтимоли мавжуд эканлигини айтишади. Шу сабабли, кейингисини
режалаштиришдан аввал эр-хотин керакли муолажаларни вақтида олиш орқали, туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олишга ҳаракат қилиши керак, дейди
шифокорлар.