Муаллиф -
Матлюбахон Мусабоева 1957-йилнинг 26-мартида Ўш вилояти Ўзган шаҳрида туғилган.
1974-йили
ўрта мактабни тамомлаб, Тожикистон Республикасининг Ленинобод (ҳозирги Хўжанд)
шаҳридаги педагогика институтининг ўзбек филологияси бўлимида таълим олган.
1978 йилдан то шу кунга қадар ўзган
шаҳри мактабларида ўқитувчи, илмий бўлим мудири, директор лавозимларида фаолият
олиб борган. Муаллифнинг “Дийдор”(1998й), “Илтижо” (2008й) шеърий тўпламларим, “Соғинч” (2007й) ҳикоялар ва эсселар
тўпламим, “Синов”қисса ва ҳикоялар тўпламлари
нашрдан чиққан.
Рўзанинг ўн
еттинчиси. Моҳинисо ая кўчага қарайди. Ифторлик
тайёрлаётган кичик келинга:
- Хамир овқат қилинг, қизим, - деб қўйди.
Уч
кундан бери хамир овқат тайёрлатади.
Ким
келиши мумкин? Келгувчи кўп. Сингиллари бор. Укалари бор. Иккита ўғлини уй
солиб, бошқа қилиб чиқаришган. Катта ўғлида тўртта, кичигида бешта фарзанд.
Набиралари бирам ширин. Моҳинисо ая уч кундан бери катта ўғлини кутар, келини
билан кириб келаётгандек, назарида. Хошимжон хамир овқатни суярди. Ёшлигида
буви, чучвара қилайлик, деб туриб оларди. Войей, вақтим йўқ десалар, Хошимжон
қистаб қўймасди, укаларини ўзи ўйнатарди. Бувисига тинимсиз сурканаверар,
ёпишаверарди. Мактабдан келар-келмас:
-
Буви қаердасиз, буви..., - тинмай истаб сўрарди. Қўшниларникига чиқиб келарди.
Сал кўринмаса соғинарди. Уйланди-ю, ўзгарди қолди. Хотинига жонини узиб берай
дейди. Моҳинисо ая хайрон қолади. Аччиқланай деса дадаси ҳам шундайку!
Хошимжонни янги уйга кўчиришаётганда:
- Болам тез-тез келиб туринглар,
сени кўрмасам соғиниб қоламан, - деб тайинлаган. Дадаси кулиб қўйганди.
Моҳинисо ая топганини беркитиб, кенжатойидан Хошимжонникига жўнатарди. Кичик
келинларини ғаши келмасин деб эҳтиёткорлик қиларди. Онада ахир.
-Бувижон, овқатдан олиб қўяйми?-
келинининг гапи ҳаёлини бўлди. кенжа келин ўта фаросатли.
-
Овқатни олдини дадангизга қуйинг, кейин олиб қўйинг.
Ажаб
ким келади? Мохинисо аянинг юраги эзилиб кетди.
- Нега келмаяпти? Ўзимни боламку,
қўлига қарайманми? Нарса кўтариб келиши шартми? Бир коса овқат топмабдими ахир
келини? Хошимжон, Хошимжон...нега келмайсан болам? Уканг уч кун аввал
бола-чақаси билан келиб кетди, сенчи? Ота-онагни кўргинг келмайдими? Бизни
боғлаб қўймагандир? Бир кун йиғлаб қоларсан? Изларимга зор бўларсан. Рўзаи
рамазонда онангни соғинтирасанми, борай десам йўллар тайғоқ...
Ўзи билан ўзи гаплашар экан,
Баҳромжон ўғлини чақирди:
- Ўғлим овқатни олиб акангдан хабар
олиб келақол, тинчмикан?
Онаизорнинг
соғинчлари чак-чак томмоқда эди.
1993