26.02.2015

ИСМНИ АЛМАШТИРИБ, “ҚОРА РЎЙХАТ”ДАН ЧИҚИШ МУМКИНМИ?


Қирғизистонда ўз исми-шарифини ўзгартираётганлар сони тобора ўсиб бормоқда. Ресбуликанинг бош қомусига кўра 16 ёшдан ошган ҳар бир фуқаро ўз исм, фамилиясини ўзгартиришга ҳақли. Бу учун икки сабаб бор экани айтилади. Исмнинг маъноси хунук бўлса ёки айтилиши жуда қийин бўлса, ўзгартириш мумкин. Лекин, Ўш шаҳридаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ЗАГС) бўлимининг бош мутахассиси Уруят Курманалиева сўнгги вақтларда исм ўзгартириш ҳолати оммавий тус олаётганини билдирди. Унинг айтишича исмини ўзгартиришни истаётганларнинг кўпида тайинли асос ҳам йўқ. Бироқ, шунга қарамай қонун бунга йўл беради.

Маълумотга кўра, Ўшда 2013-йили 1000 киши,  2014 йили эса 1600 нафарга яқин фуқаро исм, фамилиясини ўзгартирган. Мутахассислар исмини ўзгартириш ҳолатининг кўпайишига ташқи миграция сабаб бўлмоқда. Кўпчилик фамилия сифатидаги “ўғли”, “қизи”ни –“ов”, “ова”га ўзгартирмоқда. Уруят Курманалиева аксарият фуқаролар “ўғли” ёки “қизи” билан хорижга чиқиш, ўқишга кириш мумкин эмас деб ўйлашади, бироқ бунга қарши бирор қонун чиқмаганлигини билдирди.
Бундан ташқари исм алмаштиришни истаётганларнинг кўпи Россиянинг “қора рўйхати”га кириб қолганлар экан.
Ўш шаҳар меҳнат, миграция ва ёшлар бошқармалигининг ходими “қора рўйхат”ни четлаб ўтишни кўзлаб, исмини ўзгартиришни ният қилганлар уларга ҳам мурожаат қилиб туришини айтади.

Мутахассислар исм-шарифини алмаштириб, чет элга эмин-эркин кира оламан деб ўйлаш хато эканини, чунки исм ўзгаргани билан фуқарога берилган персонал рақамлар умрбод ўз эгасини тарк этмаслигини айтишади. Бу рақамлар эса агар сиз “қора рўйхат”да бўлсангиз, барибир сизни сотиб қўяди.