
Албатта, бу нарсаларни кўриб чиқиш мумкин. Бироқ уларни тарқатиш экстремистик руҳдаги ташкилотларнинг иши бўлгани учун уни тарқатган оддий фуқаро хам уларга алоқадорликда гумонланиши ва милиция томонидан текширилиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбаевдан мобил телефонларда нимани олиб юриш мумкину, нима мумкин эмаслиги борасида маълумот беришни сўрадик. Эътиборингизга ана шу суҳбатни ҳавола қиламиз.
Қонун бўйича мобил телефон ва компьютерларда нималар олиб юриш мумкин, нима мумкин эмас?

Агарда кимдир биров юқорида тилга олинган ташкилотларнинг ташвиқотларини, атрибутларини, ва уларга тегишли маълумотларни диск, флешка, варақалар хамда телефон орқали олиб юрган ёки тарқатиб юрган бўлса қонун бўйича жавобгарчиликка тортилади.
Афсуски, бугунги кунда ёшларимизнинг кўпчилиги жавобгарчиликни билмай қизиқиб кўчириб олиб, жавобгарликка тортилган ҳоллар кўп бўлаяпти.
“Қонунни билмаслик жавобгарликдан қутқармайди”, - деган сўз бор. Мен вазиятдан фойдаланиб айтмоқчиман, биринчи навбатда ҳозир барча интернетдан фойдаланади, у ерда “Қирғизистон ҳудудида қандай ташкилотлар фаолияти тақиқланган?”, - деб сўров берса барча тақиқланган ташкилотларнинг рўйҳатини топади.
Ўша рўйҳатдаги тақиқланган ташкилотларга алоқадор чақириқлар, суратлар, видеолар бўлса ўшаларни олишдан эҳтиёт бўлиш керак. Уларни ўзи ўқиса ҳам, кўчириб олиб, бошқаларга тарқатишдан эҳтиёт бўлиши ва телефон ёки бошқа электрон сақлагичларда олиб юриши керак эмас.
Бирон ташкилотнинг тарғиботи бўлмаса-ю, лекин бирон бир одамни ўлдирилаётгани ёки бирон жойни портлатиш, отишиш ҳоллари акс этган видеони олиб юриш мумкинми?
Жениш Ашурбаев: Масалан, ўша видеоларни олиб юриб, ўзи уни кўриб, бошқа бировга кўчириб бермаса, ўшаларда бизнинг қонунимизга қарши чақириқлар бўлмаса, унда жавобгарликка тортилмайди. У материал ким томонидан тайёрланган бўлса биринчи навбатда ўша одам жавобгарликка тортилади. Ҳар бир фуқаро бирон бир материални кўчириб олиб, танишишга ҳақли. Бироқ бизнинг давлатимиз хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи чақириқларни тарқатиш мумкин эмас. Кўчириб олган шахс ўзи танишиб, ўқиб, қайта ўчириб ташласа бўлаверади.
Бундай нарсаларни тарқатиш учун олганлиги ёки ўзи кўриш учун олганлиги қандай аниқланади?
Жениш Ашурбаев: Ҳозирги пайтда бу сир эмас, бизнинг махсус хизматлар ва 10-бўлим ҳодимлари томонидан электрон сақлагичлар ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан тақиқланган нарсалар тарқатилган бўлса, аниқланади. Масалан, телефон орқали бу нарсаларни қаерга тарқатгани, у қандай мазмундалиги аниқланади ва бундай нарсалар доимий назоратда туради. Шу сабабли ҳам манзилли бориб текширувлар олиб борилади. Айрим одамлар буни назорат қилиш мумкин эмас деб ўйлайди. Лекин бугунги кунда техника ривожланган. Бизнинг давлат ҳавфсизлигига тахдид солувчи бирон нарса бўлса тез орада фош қилинади ва чора кўрилади. Бундай одамларга биринчи маротаба огоҳлантириш берилади. Агарда бу ҳол такрорланса у сўзсиз жавобгарликка тортилади.
Охирги пайтларда биз бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Ёш болалар танишган қизларига диний ва миллатлар аро низо келтириб чиқарувчи турли чақириқлар, шеърлар ва бошқа ёзувларни тарқатиб, севгилиси олдида ўзининг “обрў”йини кўтаришга ҳаракат қилмоқда. Бу бир томондан кулгили ҳолат бўлгани билан иккинчи томондан қўрқинчли нарсадир. Бизнинг ёшлар қайси йўналишда улғаймоқда? Мустақилликни қўлга киритганимиздан кейин, дин билан давлат бошқа деб, ёшларимизга тегишли динлар тарихи бўйича маълумот беролмай қолдик. Шу сабабли бизнинг ёшлар ҳозир, сувда оқиб кетаётган одам каби ким биринчи қўл узатса ўшаларга кўнгил қаратяпди.
Шундай ҳолатлар аниқланса қайси модда билан қандай жазо чоралари кўрилади?
Жениш Ашурбаев: Бу бўйича охирги пайтлар энг кўпи 299-модда фойдаланилмоқда. Бу динлар, ҳудудлар аро низога очиқ чақириқдир. Ундан кейин 299-модданинг бандлари келади. Бу модданинг қандай бандлари қўлланилишини айбланувчининг қилган ҳаракатига қараб суд томонидан баҳо берилади.
Бу модда бўйича аввал жарима солинади, 10 минг сомдан 50 минг сомгача жаримадан бошлаб, икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш мумкин. Агарда бу ҳол такрорланса ва айбланувчининг жинояти оғир бўлса 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Милиция ходимлари томонидан ўқувчиларнинг телефонини титкилаш, телефондан топилган турли нарсалар билан қўрқитиб пул талаб қилиш ҳоллари учраса нима қилиш ва кимга мурожаат этиш мумкин?
Жениш Ашурбаев: Сўнги пайтларда фуқаролардан кўп шундай норозиликлар бўлмоқда. Агарда шундай ҳолатда ростдан ҳам балоғатга етмаган ёш ўспиринлар қўрқитилган бўлса, милиция ҳодими уни ёлғиз сўроқ қилишга ҳаққи йўқ. Қўлга олгандан кейин, телефонидан ростдан ҳам таъқиқланган нарсалар топилса, биринчи навбатда ўқувчининг ота-онасини чақириши керак. Уларнинг иштирокида текширув олиб борилади. Агарда шундай ҳолатда милиция ёки ҳуқуқ тартибот органи ноқонуний ҳаракатлар қилган бўлса масалан Ички ишлар органларида Ички хавфсизлик хизмати бор ёки ўша ҳудуднинг бўлим раҳбарига ариза билан мурожаат қилиш мумкин ҳамда ўша ерда чора кўрилади. Бундан ташқари ўзининг фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланиб Прокуратурага, Суд ҳодимларига мурожат қилиш мумкин.