
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Лайфньюз телеканалининг Владимир Путиннинг ислом динини қабул қилгани ҳақидаги маълумотини тасдиқлади. Бу ҳақда “Amurburg” сайти Интерфакс маълумот агентлигига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Сайтда эълон қилинган маъқолада Песков бу хабарни рост эканини билдириб, “Владимир Владимирович менга барини батафсил айтиб ўтиргани йўқ. Бироқ мен уни кўпдан бери биламан ва у тасодифий таъсирларга берилмайди. Бу ерда қандайдир субстанциал нарса бўлиши мумкин. Мен ўзим ҳам қизиқиб қолдим. Ҳозир Қуръонни ўқияпман” дея жавоб бергани ёзилган.
Россия православ черковининг жамоат билан алоқа бўлимининг раҳбари Всеволод Чаплин Россия телеканалининг эфирида патриархнинг, касаллиги боис, ҳозирча тўлиқ шарҳ бера олмаслигини билдирди. Бироқ президентнинг руҳоний қарашларига хурмат билан муносабатда бўлишини етказиб қўйишни билдирганини айтган.
Чеченистон президенти Рамзан Кадировга тегишли экани иддао қилинаётган Твиттер саҳифаларида эса Рамзан Кадиров номидан “Мен ҳеч қачон бу қадар бахтли бўлмаганман. Владимир Владимирович барча кофирларга ва мунофиқларга қарши жиҳод эълон қилади деб умид қиламан”, деб ёзилгани хабарларда билдирилмоқда.
Бироқ, аксарият медиа манбалари ҳозирча бу маълумотга бирор муносабат билдиришмади. Бунинг ўрнига бир қанча вақтдан бери жамоатчиликка кўриниш бермаётган Путиннинг соғлиғи борасидаги хабарлар эълон қилинмоқда. “Озодлик” сайтининг ёзишича президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков давлат раҳбарининг саломатлиги ёмонлашгани тўғрисидаги хабарларга раддия берган.
“Эхо Москви” радиосида 12 март куни чиқиш қилган Песков Путин соғ-саломат эканини айтган. Песковга кўра, “Путин тинимсиз мажслислар ўтказмоқда”, “унинг иш жадвали жуда тиғиз” ва “у ҳозир инқироз билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш билан банд”.
Россия раҳбари 12-13 март кунлари Остонада Қозоғистон президенти Назарбоев ва Белорусь раҳбари Лукашенка билан олдиндан режалаштирилган учрашувга бормаслиги тўғрисида хабар қилингач, Путиннинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалган эди, деб ёзади “Озодлик.”
Путиннинг Ислом динига ўтгани ҳақидаги хабар Ўрта Осиё мусулмонлари ўртасида катта обрўга эга бўлган олим, шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқнинг вафоти билан деярлик бир вақтда тарқалди. Айни кунларда эса турли ижтимоий тармоқларда бу икки воқеа қизғин муҳокама қилинмоқда.
Путиннинг мусулмон бўлиши борасидаги расмий мақолалар кенг эълон қилинмаган бўлсада, сиёсатшунос Сергей Марков «Дождь» теленканали орқали бу тўғрисида ўз изоҳини бериб ўтган. “Amurburg” сайтининг ёзишича сиёсатшунос Россия президентининг бу қарорга келиши геосиёсат билан боғлиқ. “Бизнинг президент энг аввало Россия ҳақида ўйлайди. Бизга айни вақтда кучли ҳамкор керак. Ислом давлати ўлкалари эса ана шундай кучли ҳамкор бўла олади. Худо эса барибир битта”, деб билдирган таҳлилчи.
Россиянинг ТИМнинг раҳбари Сергей Лавров бу маълумотни тасдиқлади, яқинда Москвага Ислом мамлакатининг фахрли вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ келиши кутилаётганини маълум қилди, деб ёзади “Amurburg” сайти.
http://resmigaste.com сайтининг 17 март куни тарқатган хабарида эса "10 кун мобайнида ўзидан хабар олиб бўлмаган Рус лидери Путиннинг Умрада экани маълум бўлди", деб ёзилган.
Бу орада эса Путиннинг ёш аёлидан фарзандли б ўлгани ҳақида ҳам миш-мишлар тарқаган, лекин бу хабар тасдиқланмаган эди.