16.04.2015

ҚЎШ ХОТИН ОЛГАН САВОБТАЛАБ ЭР

Ассалому алейкум, “Ынтымак” телерадикомпаниясининг ҳодимлари. Мен сизлардан маслаҳат олишда ёрдам беришингларни умид қилиб, мурожаат қилмоқдаман.
Менинг отам 9-синфни тамомлаганимдан кейин, қиз бола ўқиб нима бўларди, деб мактабга жўнатмай қўйди. Олдимга қўйган режа ва орзуларимни қайта-қайта отамга айтишимдан фойда бўлмади.

16 ёшимда муслима қизга уйланиш орзусида юрган, савоб учун иккинчи аёл излаб Ўшдан қишлоғимизга келган кишига мажбуран турмушга узатилдим. Кўз ёшимнинг дарё бўлиб оққани, ўзимни ҳар кўйга солганим билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Касалманд биринчи аёлининг бундан ҳабари бўлмаган “ҳожам” ўшдаги кўп қаватли уйлардан бирини ижарага олиб, мени шу ерга келин қилиб туширди.
Ишга кетаётиб уйнинг ташқарисидан қулфлаб кетадиган эрим, кун ора биринчи оиласига кетиб қолар эди. Шундай пайтларда куну тун уйда қамалиб ўтиришга мажбур бўлар эдим. Ачинарлиси ўртамизда илиқлик йўқ эди. У менга қул каби муомалада бўларди. У мени бефаросатликда айблаб, калтаклар эди. Мен эса пешонамга битилган кунларга сабр қилиб, тишни-тишга қўйиб яшадим. Шу аснода бир йил ҳам ўтиб кетди. Энди уйимизга ижара ҳаққини сўраб, уй эгаси кун ора келадиган бўлди. Турмуш ўртоғим эса ҳафтанинг бир кунини мен билан ўтказса, қолганини биринчи оиласига сарфлар эди.
Азоб уқубатли ҳаёт янада кучайди. Чунки, эрим касалманд деб айтган биринчи хотини мен ҳақимда билиб қолгандан кейин мен ўйламаган калтакларга дуч келдим.
Касалманд, ҳеч нарсага ярамайди деб таърифланган кундошим аслида бақувват, чиройли ва ҳижобда юрадиган аёл экан. У мени ҳушимдан кетгунимча уриб, энг оғир ҳақоратлар билан калтаклади. Ҳожам йўқлигидан фойдаланиб, умени сочларимдан судраб кўчагача олиб чиқиб қўйди. Бўйимда 3 ойлик ҳомилам билан қишлоғимга жўнадим. Орадан икки йил вақт ўтсада, савоб излаб, мени никоҳига олган инсон мендан бирор марта ҳам хабар олмади.
Отам ва онамнинг дарди ичида. Маҳалла кўй олдида бош кўтариша олмай қолишди.
Бу вақт ичида қизчам юра бошлади. Унинг отаси қаерда яшашини эса мен аниқ билмайман.

18 ёшга тўлмай ҳаётдан умиди узилган, хўрланган, таҳқирланган бева аёл сифатида менинг бошимга тушган савдони душманимга ҳам раво кўрмайман деб, чекка қишлоқдан Азиза.