31.03.2015

ФАЗЛУ КАМОЛИ БЕКАМ ШОИРА

 Кучли сабр ва матонат, ирода соҳибаси  Зулфияхоним 1915 йил 1 мартда Тошкентда туғилган.
«Мен яхши оилада ўсдим. Катта боғ-роғли ҳовлимизда эрта баҳордан то кеч кузга қадар хушбуй ва хушруй гуллар очилиб ётарди. Етти Oғa-инининг оилалари битта ҳовлида яшардик. Гўёки катта хонадоннинг ҳар бир фарзанди етти ота-онанинг тарбиясида, кузатувида, меҳрибончилигида улғайдик».
Зулфияхонимнинг юқоридаги каби хотираларини ўқирканман, кўз олдимга ўзбек хонадонининг хаёли, иболи қизлари гавдаланади. Ана шундай тарбия олган шоира ўзбек аёли сиймосини бутун дунёга намойиш этди.
У ўрта мактабни тугатгач, Педагогика институти ва Аспирантурада таълим олади. 1938-1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, кейинчалик Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда "Ўзбекистан хотин-қизлари" журналида бўлим бошлиғи, 1953-1980 йиллларда "Саодат" журналида бош муҳаррир бўлиб ишлайди. Шоира 17 ёшида «Ҳаёт варақлари» (1932) номли биринчи шеърий тўплами билан Ойдин, Музайана Алавиялар сафига кириб келади. Шундан сўнг «Юрагимга яқин кишилар», «Камалак», «Юрак хамиша йўлда», «Уни Фарход дер эдилар», «Хижрон кунларида», «Сўроқлайди шоирни шеърим», «Қуёшли қалам» каби китоблари ва қатор достонлари билан ўзбек адабиётига улкан хисса қўшди.
Шоир қалбларнинг таржимони. Унинг юрагини титратган туйғулар барчанинг дилидаги туйғулар билан эгизак. Шоира Зулфиянинг вафо қўшиғи ва кузатишлари ҳам хаёлот меваси эмас, балки Зулфиянинг ўз ҳаёт қўшиғидир. 1944- йил шоира ҳаётида хижрон йилларини бошлаб келди. Бир фалокат туфайли умр йулдоши Хамид Олимжондан айрилиб, унинг қаламидан хижрон, айрилиқ ва аламли сатрлар ҳам ўрин олди. Аммо у умид ва ишонч руҳини, ҳаётга муҳаббат ва вафодорлик хиссини шеърларнинг ҳар бир сатрига сингдириб юборди.
Хижронинг калбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёнимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен хам.
«Баҳор келди сени сўроқлаб» шеъридаги бу сатрлар бутун дунё аёлларининг садоқат тўла нидоси бўлиб янгради. Бунинг учун жуда катта қудрат керак эди. Зулфия ана шундай қудратни топа олди. Табиат унга ато этган истеъдод, юртга муҳаббат, эл хизматига камарбасталик, шеърият заҳмати ва яхшиларнинг мадади унинг юрагига таянч бўлди.
Қирғизистон Республикаси халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов Зулфия ҳакида шундай ёзган эди: «Ўзбек шоираси Зулфиянинг қутлуғ қадами туфайли Шарқ адабиётига санъаткор аёл кириб келди, ёш ва иқтидорли шоиралар бутун бир плеядасининг овози баралла янграй бошлади. Менимча, Зулфия шоира сифатида ўзбек адабиётининг энг ёрқин намоёндаларидан бири.
Хақиқатдан ҳам, Зулфия шеърияти замонавий дунё поэзиясининг порлоқ сахифасини ташкил этади. Мен шоира поэзиясида дилбарлик, донолик, бу - улкан маданиятнинг қўлга киритган улкан ютуғи эканлигини ҳам таъкидламоқчиман. Чунки Зулфия, фақат ўз шеърларида гавдаланган тўла-тўкис аёл тимсолигина эмас, балки у мукаммал шахс хамдир.  Поэзия Зулфия учун ҳеч қачон шунчаки машғулот бўлган эмас».
Зулфиянинг ижоди бутун дунё халкларини, миллатларини бирлаштирган, оналар образини тинчлик хайкали сифатида уйғунлаштирган шеъриятдир. Зеро, буюк адиб Расул Гамзатов айтганидек, «Агар, Зулфия Арманистонда туғилганда - Сильва, Болгарияда - Багряна, Югославияда туғилганда ҳам Десанка Максимовичдек машҳур шоира бўла олар эди».
Катта шеърият ҳамиша турли миллат кишилари қалбларининг яқинлашуви, халқлар дўстлашуви учун хизмат қилиб келган ва шундай бўлиб қолади. Зулфия ер юзидаги барча яхши ва эзгу ишларга қалби очиқ бўлган қудратли, оқила инсон эди. Унинг ўзи ҳам бир шеърида:
Қалбим сизга одамлар,
Мен сизлар учун тонгни куйлайман!  деб ёзган эди

                                                                                     Саидахон Собирова