29.06.2015

ҚУШ ОВОЗИГА ТЎЛГАН ХОНАДОН

 Ўш шаҳри яқинида жойлашган Шарқ қишлоқ ҳукумати ҳудудида яшовчи Иминжон Усмонов хонадони ҳар хил турдаги қушлар билан тўлган. Ҳозирда унинг мингдан ортиқ қушлари бор. Асосийси бу қушларнинг кўпчилигини Иминжон аканинг ўзи кўпайтирган. Қуш боқиш Усмоновларнинг оилавий бизнеси бўлиб ҳам ҳисобланади. 





«Қушларнинг элликдан ортиқ турларини боқаман. Бу орқали пул топса бўлади, албатта. Лекин, қуш боқишнинг завқи, ёшларнинг шу иш билан банд бўлиб, турли ёмон ишларга кириб кетишининг олдини олиш, пулдан ҳам муҳимроқ.», дейди Иминжон Усмонов.
Беш йил олдин Ўзбекистондан иккита тўтиқуш олиб келган, ҳозирда улар гапиради. “Алҳамдуллилах» ва «Кеша” каби сўзларни айта олади. 
Қуш боқиб, кўпайтиришни отасидан ўрганган Иминжон ака энди билганларини ўғлига ҳам ўргатмоқда.
«Ўзининг махсус донлари бор. Бир кунда бир маҳал берилади. Ҳар тонг ишга кетишдан аввал  шу қушлар билан шуғулланамиз. Ундан ташқари қушлар меваларнинг уруғини ҳам яхши кўради. Бизда ҳозир балиқларнинг ҳам йигирмага яқин тури бор.», дейди Иминжон аканинг ўғли Нодир Усмонов. 

Шаҳар марказларида учта зоомагазин бор. У ерда турли қушлардан ташқари, чет элдан келтирилган балиқлар сотилади. Бундан ташқари беданаларнинг тухумлари минг дардга даво бўлганлиги боис, шифобахш восита сифатида ҳам сотилади. 
Қаҳрамонимизнинг айтишича, иккита тўтиқушга бир ойда, таҳминан бир килограмм дон сарфланади. Кўп харажат талаб қилмаган қушлардан яхши фойда топса бўлади. 
Асли касби милиционер бўлган Иминжон Усмонов, мана бир йилдирки истеъфога чиққан.  Энди доим қанотли дўстлари билан бирга.  
 Қаҳрамонимиз бугунги кунда 5 фарзанднинг отаси, 4 набиранинг бобоси. Милиция тармоғида 45 йил хазмат қилиб, подполковник унвони билан ўтган йили истеъфога чиққан. Шундан буён барча вақтини севимли қушлари билан ўтказади. 

Раъно Эназарова