11.10.2016

Даврон Ҳотам: Ўш ҳодисалари Ўзбек ижодкорларини ларзага солганди

Даврон Насибхонов 1981 йил 26 октябрда Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти,
Сафед Булон қишлоғида туғилган.
1999-2004 йилларда Ўш Давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
Даврон Ҳотам тахаллуси билан ижод қилади.
"Хиргойи" , "Кўнгулга йўл" шеърий тўпламларининг муаллифи.
Талабалик чоғларидан бошлаб, маҳаллий "Демос Таймс", "Фарғона" рўзномаларида мухбир, "ДДД" ва "Иқтидор" газеталарида муҳаррир, "Сиёсат" газетасида креатив бўлим муҳаррири сифатида фаолият олиб борган.

Бегонамиз биз энди Гулим

Бегонамиз биз энди Гулим
Бегонадан бегонароқмиз.
Сен томонга тушмагай йўлим...
Тўғри топдинг девонароқмиз.

Ишқ шаробин тўкиб юбордик,
Шундан бери ишқдан йироқмиз
Ичмасакда хавосин олдик
Оз бўлсада мастонароқмиз.

Март (хикоя)

У қишни яхши кўради. Қиш қанчалик узоқ ва совуқ келса, унга шунча яхши. Аслида у қишни эмас, қалингина, мўйнали тўнини севади. Шунинг учун у қишни яхши кўради…

Бир вақтлар эгнига илган тўни билан кўчага чиқаркан, ўзини анча хавфсиз ва муҳимроқ ҳис этади. Кимгадир дўқ ураркан, тўн унинг ички увадаларини яширади. Бироқ, бугун ойнадан тушаётган нурлар кайфини тирриқ қилди. Боши айланиб, кўз олди қоронғулашди. Ўрнидан туриб шахт билан тўнини эгнига илди. Ниманидир ўйлади-да, одатга хилоф тарзда яна жойига қайта ётди.

Шифтга тикилиб ётаркан, соат миллари уни ташқарига ЧИҚишга ундарди…. Ташқарида баҳор дараклари кўрина бошлаган. Бир кун аввал бу кўчалардан ўтаётган бир икки одамни ҳисобга олмаса, деярли ҳеч ким кўринмасди. Онда – сонда тўқнаш келганинг одамларнинг эса қовоқлари солиқ, юзлари тунд эди. Бугун эса гўёки бошқа бир ердан кўчиб келгандек, кўча одамлар билан тўлган. Ҳамма ўзини офтобга соларди. Кайфиятлар эса латифабоп.

28.03.2016

Оқаётган одам қиссаси

Муғанний домланинг "Оқаётган одам қиссаси" деган ажойиб ижод маҳсуллари бор эди. Менимча, баримиз бу ҳаёт уммонида қайси бир ергача оқиб борамиз ва ҳозирча оқишда давом этмоқдамиз. Баъзан бу оқишни сузиш деб ҳам аташ мумкиндир. Баъзан эса чўкиш...
Бир журналист сифатида ичингдаги барча фикрларни айтишнинг иложи йўқ. Қоидалар бунга йўл бермайди. Лекин, баъзан айтгинг келади. Ҳайқиргинг келади... Бақиргинг келади... Оқаётган одам қиссаларини битгинг келади... Шу истакларни амалга ошириш учун, "Биз" газетаси учун очилган блогни бир оз ўзгартиришга қарор қилдим. Энди кўпроқ шахсий фикрларга ўрин берамиз....

Келинг, мен тилга олган шеърни яна бир марта ўқиб кўрамиз. Устозимиз Муғаннийни Аллоҳ раҳмат айласин.



ОҚАЁТГАН ОДАМ ҚИССАСИ




Умр деган дарёда лойланиб оқиб келдим,
Бир дам тинган кўзгуда ўзимга боқиб келдим.

Раҳмон бўлди ҳабибим, шайтон бўлди рақибим,
Жаннатимдан қувилиб, нафсимдан бўкиб келдим.

Бузиб Тангри асабин, ўзим кўрдим азобин,
Гуноҳларим кўл бўлиб Тўфонда чўкиб келдим.

Инсонлару ёвларга, сиғиндим оловларга,
Ўтга отди ўз қавмим – гул бўлиб чиқиб келдим.

Яна Тангрим қўллади, Ватан томон йўллади,
Тутолмади Фиръавн, дарёга йиқиб келдим.

Ҳаққа бузиб аҳдимни, қўлдан бердим нақдимни,
Отдан тушиб эгардан тушмай пишиқиб келдим.

…Аёл бўлиб бўй турдим, ерни қонга тўйдирдим,
Авлодларим ёдига анча йироқиб келдим.

Руҳимни қилиб сафо, етиб келди Мустафо,
Биру Борнинг каломин маънисин уқиб келдим.

Ўзни муаллақ топдим, ўздан кечиб Ҳақ топдим,
Ҳикмат айтиб нодонга, ёниб, тутоқиб келдим.

Сано айтиб Аллоҳга, илм бердим Дунёга,
Дорус – салом тоқига туғимни тақиб келдим.

Фотиҳ Чингиз қув бўлиб, қумга сингдим сув бўлиб,
Қисматим тош бодомин тишимда чақиб келдим.

Икки султон соғмидик – кенг дунёга сиғмадик,
Ўзни чопиб, ўзимнинг қабримга тиқиб келдим.

Жигарбандим тўкди қон, юлдузларга кўчди жон,
Тутолмадим қотилим, доим узоқиб келдим.

Сиғмадим ўз юртимга, Қайтолмадим ортимга,
Гуржу, Ҳинду, Хитойдан интиқ, ичикиб келдим.

Бузиб Ҳадис, Иймонни, ўтга отиб Туронни,
Беш аср бир асрнинг этагин чўқиб келдим.

Бобом дордан топилди, бешик болам чопилди,
Бешик чопган хожамни кийдириб боқиб келдим.

Ёвлар билан курашиб, тоғлар тешиб сув очиб,
Сув бошида тўралар – ўзим ютоқиб келдим.

Қўйлар қолди бўрига, шукур қилдим борига,
Ўзим йиққан хирмонга ҳориб, толиқиб келдим.

Эл душмани бўлмадим, нега жангда ўлмадим,
Саҳар бориб атайлаб дўстимни чақиб келдим.

Ҳақ сўзга қўймадилар, ёлғонга тўймадилар,
Қанча йиллар тилимни ёқамга тикиб келдим.

Тонглар отди оқариб, замин қолди кўкариб,
Бўз дунёга эзгулик уруғин экиб келдим.

Оғам бўлди тошқайроқ, диним бўлди ол байроқ,
Аҳлат қилиб сўнггида, тарихга тўкиб келдим.

Тангрим бўлди халоскор, элга тўлди ҳаваскор,
Туркистонга Ҳуррият муҳрини чекиб келдим.

Замон ҳамон долғали, ёмон ҳамон болғали,
Бешга бўлиб Туронни, қаддимни букиб келдим.

Замон кимларга қолди – қизил шимларга қолди,
Йўқчиликдан тўлиққан элга йўлиқиб келдим.

Булбул бўлиб чаманда, ҳурликка орзуманда,
Янги султон шаънига достоним тўқиб келдим.

Хушомад султон бўлди, даромад ултон бўлди,
Гоҳо маддоҳ дўстимга куйиб, ўжиқиб келдим.

Шоҳ қайда, гадо қайда, билмадим хато қайда,
Ўз душманим иблисга итдек илиқиб келидим.

Тим қоронғу кечалар, бечироқ жин кўчалар,
Кўрлар кўзимни ўйди, ўзимни ёқиб келдим.

Ўнгга чапим тушмади, қўлдан чўпим тушмади,
Бир дард бўлиб, авлоддан-авлодга юқиб келдим.

Кунлар ўтди оғир, дим – ҳаммасига чидадим,
Мени сотган дўстимга жонимни суқиб келдим.

Оғам бўлди бозорчи, иним тоғда террорчи,
Бир элни бир қилолмай руҳимни сиқиб келдим.

Бўлиқ миллат бўлинди, элга иллат тўлинди,
Бировини хуш кўрдим, бировин нуқиб келдим.

Марказ-марказ ўйнашиб, кўрмадик бир ўйлашиб,
Бири менга тош отса, шеър ёзиб сўкиб келдим.

…Мен ҳамон оқмоқдаман, мўлтираб боқмоқдаман,
Ўзим ёзган қиссани ўзимга ўқиб келдим.

Муғанний (Ғанижон Холмат)

13.02.2016

“Она, мени ҳожатхонага нега ташлагансиз?”

Болалар турли саволларни бериб, ота-оналарини ноқулай вазиятларга кўп солиб туришади. Лекин, вақтики келиб, сарлавҳага олиб чиқилган саволни онасига бераётган болани тасаввур қила оласизми? Она бунга нима деб жавоб беради? У пайтлар қашшоқлик эди, уруш эди дейдими? Ахир хатто шундай дамларда ҳам оналар болаларига бу қадар тақдирни раво кўрмаганлар-ку! Бироқ, бизнинг давримизга келиб, одамлардан ҳар нарсасини кутиш мумкин бўлиб қолди, афсуски. Буни сиз ҳам эшитиб, кўриб гувоҳи бўлиб келаётгандирсиз. Хабарларда тинмай ёш болаларга зўравонлик қилганлар, зўрлаганлар, калтаклаганлар, ташлаб кетганлар ва хаттоки сотиб юборганлар тўғрисида ёзилмоқда. Дахшатли хабарлардан бири мана будир:
“Жалолобод вилояти Тўқтоғул туманида она ўз чақалоғини хожатхонага ташлаб юборди. Бу ҳақда ҚР ФҲВ матбуот хизмати маълум қилди. Ундаги маълумотларга кўра, кеча соат 21.47 да маҳаллий яшовчи Майрам Эргешева ҳожатхонада бола йиғисини эшитган ва зудлик билан 112 хизматига қўнғироқ қилган. Воқеа содир бўлган жойга етиб келган №97-ёнғин-қутқарувчилар ходимлари болакайни у ердан чиқариб олишган ва тиббиёт ходимларига беришган. "Гўдак онасининг шахси аниқланди, у 1992 йилда туғилган Сари-Согот қишлоғи яшовчиси бўлиб чиқди”, деб ёзилади маълумотда. Кейинчалик маълум бўлдики, она бўлмиш, 2014-йили турмушга чиққан, уларнинг яна бир ярим яшар қизи бор. Хожатхонадан чиқариб олинган болага эса Марс дея исм беришди. Марс эртага эсини таниб, “Она, нега мени чақалоқлигимда хожатхонага ташлагансиз?”, деб сўраса жавобни ким қаердан олади? “Озодлик” тарқатган яна бир хабарда Москва вилоятининг Долгопрудненский шаҳрида эмизикли фарзандини сотган ўзбекистонлик аёл 5 йилга қамалгани айтилади. Ёки бу хабарни ўқинг: “Ўш шаҳар милициясининг билдиришича, боласини сотганликда гумонланиб қўлга олинган Садирбек исмли шахс 28 декабрда хотини касалхонада ётган бир пайтда, боласини кўтариб олиб, шаҳар кезиб харидор излаган. У боласини бир аёлга 30 минг сўмга сотиб, пулни чўнтагига солган пайтда қўлга тушди.” Касб тақазоси билан бунга ўхшаган хабарларни тез-тез учратишга, булар ҳақида ёзишга мажбурман. Лекин, бир оддий одам қатори бунга ўхшаш воқеалар юракни титратади. Бизга нима бўлаяпти!?