Августнинг сўнги кунларини Польша пойтахти Варшава ва эски марказ Краковда ўтказдим.Шарқий Европа Демократик маркази томонидан молиялаштирлган мазкур сафардан кўзланган мақсад у ердаги ҳамкасблар билан учрашиб, журналистика бўйича тажриба ортириш эди.
Варшава ва Краков шаҳарлари нисбатан анча сокин ва беғалва кўринди. Одамлар ҳеч ҳам шошмайдигандек. Лекин, ҳар бир қадами, ҳар бир сонияси ҳисобга олингандек. Жамоат транспортларининг жадвалларида ҳам келиш ва кетиш вақтлари сониясигача ёзилган бўлиб, автобус, метролар ана шу сонияда ёнингизда бўлади. Инсонлар ҳам вақтни қадрлайди. Бирор вақтга учрашув белгиланган бўлса, айни вақтда ҳозир бўлади. Ўн кунлик сафар давомида қирғизистондан борган биз беш журналист ҳам сўнги кунларда бунга риоя қила бошладик. Бироқ қайтар чоғимиз Истанбулдаёқ вақт қадри ортда қола бошлаганини сездим. Самолёт кечикарди. Учиш эшиги тинмай ўзгариб турарди. Истанбулдан Бишкекка келгач эса “соатларимиз” яна ўз маҳаллий вақтимизга тўғирланди қолди. Бизда ўн минут дегани ярим соат ҳам, бир соат ҳам бўлиши мумкин.
Варшава кўчаларини кезар экансиз урушга қарши тарғиботларнинг турли кўринишларига гувоҳ бўласиз. Иккинчи жаҳон урушидаги қурбонликлар болаларга доимо эслатилиб турилади. Буни эски бинолар, кўчалардаги очиқ кўргазмалар ва музейлардан билиш мумкин.
Шу билан бирга тарих билан баҳслашгандек осмон ўпар замонавий бинолар қаддини ростлаб туради.
Кўчалардаги ҳайдовчилар, пиёдалар ва хатто велосипедчилар учун махсус ажратилган йўллар, йўловчилару ҳайдовчилар чиндан ҳам риоя қилувчи қоидаларни кўриб, қачон? деган савол келади ҳаёлга.
“Қачон, бизда ҳам шундай бўлади?”
Албатта, ҳикоям умумий ва бир оз тарқоқ бўлди. Кейинги сафар эса таассуротларимни батафсил ёзишга харакат қиламан.