09.06.2015

"Одно"да севиб, уйландим. Лекин у бошқа экан

. "Биз"га мактуб

Ҳаммаси аввалида осондек туюлганди. Жуда қувонган эдим, бахтимни топдим, ниҳоят деб...
Однода яхши  қизлар ўтирмайди, дейишарди. Мен эса ўша куни одатимга кўра, компьютер қаршисида ўтириб, навбатдаги қизга дўстликни таклиф қилдим. Қабул қилди, саломаликдан сўнг доимгидек анкета саволларини тўлдирганидек, бирбиримизни саволларга кўмиб ташладик. Хатидан саводликкина қиз, бехато ва мазмунли хатлар ёзарди. Бемаъни қизга ўхшамади. Онам адабиёт муаллимаси бўлгани учунми, биз, фарзандларни китобга меҳримиз бўлакча эди. Катта бўлсам, мен ҳам адабиёт муаллимасига уйланаман, дердим. Бахтни қарангки, Қиз айнан тил ва адабиёт факультети талабаси экан. Шунданми, сўзларни териб ёзарди. Орадан кунлар, ойлар ўтаверди, энди одно мен учун шунчаки вақт ўтказишга эрмак эмас, ҳаётим мазмунига айланди. Ўқишда ҳам, уйда ҳам қўлимдан телефоним тушмас, ўзимдан ўзим тезтез сайтга кириб у Қиз хатимга жавоб ёздимикин, деб хабар олишни канда қилмасдим. 


Иккаламизнинг қарашларимизу, қизиқишларимиз деярли бир хил эди. Тўғри, қиз болалар ичида ҳинд киносига маҳлиё бўлмаганини топиш мушкул, бироқ йигитлар ичидан кам топиларди. Мен ўша камчилик томонида эдим. Яъни, ўнта бемаъни ўзбек киносини битта ҳинд мелодраммасига алишмасдим. Табиатан ҳаёлпараст кўринадиган романтик эдим. Балки уйланадиган ёшда ҳамма шоир, ҳофиз ёки суперқаҳрамонга айланиб қолар, билмадим. Қисқаси, мен ўша виртуаль оламдаги Қизни севиб қолгандим. Эрталабдан Қизга ҳинд киносидаги энг машҳур саунтрекларни юклаб совға қилардимда, ўқишга жўнардим. Қиз ҳам ўз навбатида севгимга жавобан меҳр ва муҳаббатга тўла, бироқ серандиша мактубларни йўллашдан чарчамасди. Иккаламиз ҳам одоб доирасида, билимдонлигимизни, яхши оиланинг фарзанди эканимизни кўрсатгимиз келгандек, ким ўзарга мактуб йўллардик.. Эхҳее, бу мактублардан битта роман ёзса бўларди ўша пайтлари...Жўраларимга эса менинг романтиклигим эриш туюларди. Балки, бир катта ёшли аёлдир, балки эркак кишидир, деб мени гоҳ зимдан, гоҳида очиқчасига мазах қилишарди. Мактублар уммонида сузиб юриб, ўқишни ҳам тамомладим. Қиз эса охирги курсга кўчганди. Бошқа шаҳарда яшаганлигимиз учун учрашмагандик. Орада бирбиримизга суратларимизни, видеосаломларимизни йўллашга ҳам ўтиб олгандик. Кўҳликкина қиз экан, манзилини сўраб учрашгани бордим, бироқ кўришиш насиб этмади. Қиз дадаси ва акасидан андиша қилиб учрашувга келмаслигини ёзиб, узр сўради. Ўзбекчиликка тўғри келмайди, отаонамизнинг рухсатисиз биз томонларда қизлар учрашмайди, дея мен ўзбекка ўзбекчиликни ўргатди. Шунисигаям қувондим, бир ой ичида кам хат ёзадиган, тортинчоқ бўлиб қолди, негадир... Қўрқдими ёки уялдими, билмадиму онамни холам билан бирга маҳалласига совчиликка олиб бордим. Томонлар суриштирилди, катталар маслаҳат қилишди ва Қизнинг уйида икки дақиқагина биз ёшларга учрашув белгилашди. Биз бир ярим йил ичида ҳамма гапимизни айтиб бўлган эдик, жимгина учрашдик ва иккаламиз ҳам розилигимизни билдирдик. Бир ой ўтмай тўй бўлди, мендан бахтли инсон йўқ эди...
Аввалида қалбини очган, дунёарқашларимиз бир хил бўлган икки ошиқ негадир бегонага ўхшардик. Мен буни Қизнинг ҳаёсидир, нозидир, деб эътибор қилмадим. У худди бошқа оламдан келиб қолгандек бегонасирарди. Мен ёзган хатларимизни эслатиб кулардим, у эса энсаси қотгандек ёки унутгандек қиёфада тураверарди. Ҳа, аввалдан хат ёзишиб юрган экан, деган гап сўздан қўрқиб ўзини сипо тутяпти шекилли, дея яна бир ҳафтани ўтказдим... Негадир у ўзгармади. Авваллари мактубида қизиқ воқеаларни ёзиб мени кулдирадиган шўхшодон, айни дамда мен кутган назокатли қиз йўқ эди. Одам ҳам шууунчалик ўзгариши мукинми? Ҳайрон эдим... Уни суюнтирмоқчи бўлиб севган ҳинд киносининг дискини олиб келдим ва ҳозир қувончдан кўзлари пориллаб кетса керак дея кутдим... Йўқ! Мени даҳшатга солиб, хинд киносини ёмон кўришини айтди!!! Нима эмиш, ўғил болалар ичида ёлғиз қиз бўлиб ўсгани учун боевик кўрармиш!!! Наҳотки, ахир мактубларингда хинд киноси жони дилим деган ким эди? Десам, Ҳа, уми дугоанм эди, ётоқхонада бирга турардик, сизга ёзган хатларимни у текшириб мулойимлаштириб ёзарди, деб беғамгина уй юмушларига шўнғиб кетди. Мен карахт эдим... Бахтимми бу бахтсизлик?!! Нега турмушга чиқишга рози бўлдинг унда?деб сўрадим қақшаб туриб. Қиз эса совуққонлик билан жавоб берди: шаҳарлик, ўқимишлик йигитга тегмай, кимга ҳам тегардинг,дейишиб холамлар кўндиришди, тегдим....
Шу тарзда кўнглимда катта бўшлиқ пайдо бўлди, на севги ва на нафрат эди бу..Ичимда бир туйғу ўша дугонасини кўрмоқ истарди. Зимдан уни кутардим, энди однога ҳечам кирмай қўйгандим.. Бир кун ишдан келсам, хотинимнинг уч дугонаси кўргани келишибди. Уйда тўйимиз дискини томоша қилиб ўтиришган экан. Мен Уни дарров қизлар орасидан таниб олдим. Ҳа у ўша, худди ўзимдек романтик қиз... Мени кўришдию қизлар ўринларидан туриб саломлашдилар ва кўзларимиз тўқнашди,  Унинг юзлари дув қизарди. Ҳа, менинг ҳам юрагим қинидан чиқай деб урарди. Эсладим, хотиним билан учрашганда бундай аҳволга тушмагандим, ҳаддан ташқари хотиржам эдим... Ҳозир эса ўзимни қандоғ тутишниям билмай қолдим. Иккаламиз бир зум ўша бир ярим йиллик энг масрур, энг бахтли кунларимизни бир вақтда эслагандек қотиб қолдик. Ҳа, У ҳам мени севади, имоним комил, кўзларини яширгани жой тополмаяптию ана.. Хотиним эса доимгидек парвойи палак, чой дамлаш ва овқат сузиш билан овора, қизлар ҳам видеода ким чиройли кўйлак кийгани устидаги баҳсини давом эттира бошлашди. Фақат У жим, кўзлари бир нуқтада тўхтадан, аҳволи мендек абгор бўлди. Иккимизни сезишмади, оғир хўрсиниб чиқиб кетдим уйдан, дунёлар кўзимга қоронғу....
Хўш, нима қилай? Бир ойгина яшаган хотинимнинг жавобини берайми? Шунда ҳам уйланган деган номим бор, дугонасининг онаси берармиди энди менга?! Хотиним мендаги ўзгаришни билса, дугонаси билан севгимизни эшитса, у ўзини яна хотиржам тута оладими? Уйига келган совчиларни қайтараётган дугонасичи? Учаламиз уч томонда бахтсизмиз... Қандоғ йўл тутай??!!!
Анвар. Ўш