12.05.2015

ТИЛГА ТИЛ ТЕККИЗМАГАН ТУЗУК

.Шахсий фикр

Бек Бўрбиев нега энди, шу вақтга келиб, уяли алоқа операторларининг қирғиз, рус тиллари билан бирга ўзбек тилида ҳам техник хизмат кўрсатишига эътибор қаратиб қолди. Ўзининг норозилигини миллатчилик эмаслигини таъкидлаган артист, бунинг ортидан тушунмовчиликлар юзага келиши мумкинлигини ўйладими ўзи?

Аслида, “Мегаком”да ишлаётган операторларининг айримлари ўзбек тилини қойиллатиб ҳам гапиришмайди. Рус ва қирғиз тилида бурро гапирувчи қиз-йигитларнинг ўзбекчасини тушуниш ҳам қийин. Шу сабаб, кўп ҳолларда мен қирғиз тилидаги хизматни танлай қоламан. Лекин, ҳозир гап бунда эмас.
Тўғриси, ижтимоий тармоқларда бу ҳақдаги мақолалар остида ёзилган ижобий шарҳлар эгаларидан миннатдорман. Баъзи бирларини ҳисобга олмаганда, кўплаган қирғизистонликлар (қирғиз, рус миллатидагилар дейиш шартмикин?) бу акцияни қўлламадилар. “Бек, бу аҳмоқлик” каби шарҳлар қолдиришди.
Майли, ҳар ким ўз фикрини билдирсин. Биз – Қирғизистон фуқаролари эса босиқлик билан, бир-биримизни ҳурмат ва иззат қилган ҳолда бу фикрларни яхшилаб таҳлил қилишга одатланайлик.      
Қирғиз халқининг яхши бир мақоли бор – “Миллат бўлсанг, тилинг билан миллатсан”. Шу сабаб миллатнинг тилига четдан дахл қилиш ҳар доим салбий оқибатларга олиб боради. Айни вақтда давлат тилини ўрганиш, унга хурмат билан муносабатда бўлиш ҳам ҳар бир фуқаро учун зарур. Лекин, ватанпарварлик билан баробар поғонада туриши мумкин бўлган давлат тилини мажбурлаш ёки босимлар остида ўргатиш мумкин эмас. Ўрнак бўлиш ва севдириш керак!