12.05.2015

ГАВҲАРИМ

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Қозоғистонда автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлган
Гавҳарой Ўринбоева хотирасига

Уч боласи уч ёнда йиғлаб ётган Гавҳарим.
Қаро тупроқ қалбин ҳам тиғлаб ётган Гавҳарим.
Қирққа етмай қисматнинг паймонасин тўлдириб,
Ўш Пиримни қақшатиб ойдай ботган Гавҳарим.

Чўкди баланд қоялар, осмон қадди букилди.
Ўзинг эккан гулларнинг гулчалари тўкилди.
Райҳонларинг жамолинг бир кўролмай ўкинди.
Қиёматнинг бодасин шошиб тотган Гавҳарим.

Пишмас энди кулчалар бурчакдаги тандирда.
Тошдиллар ҳам "ДОД!!! "деди, пичирлашиб "тақдирда..."
Бир номарднинг зулмидан паноҳ топиб қабрда
Энди оҳу –ноласин тинглаб ётган Гавҳарим.

Гавҳаримжон, Гавҳарим! Турғизсайдинг қизингни,
 Ховлиларни супуриб, қувнатсайди кўзингни,
Бу дунёда қолдирмай биттагина изини
Хур қизини  жаннатга олиб кетган Гавҳарим.  

Остонаси олтин уй  орзулари  гўр бўлди. 
Чимилдиқдан тобутга бир қадамча йўл бўлди.
Сен яратган чаманлар  сароб бўлди, чўл бўлди.
Шум ажалнинг қўлидан қўрқмай тутган Гавҳарим.  

Оқбурани тескари оқизмаса шайтонлар,
Энди тавба қиларму, эр номи бор ўғлонлар.
Оила ҳам Ватандир, асрангиз эй султонлар!
Бир беватан касрига увол кетган Гавҳарим.
Уч гўдагин етаклаб Хаққа етган ГАВХАРИМ