У қишни яхши кўради. Қиш қанчалик узоқ ва совуқ келса, унга шунча яхши. Аслида у қишни эмас, қалингина, мўйнали тўнини севади. Шунинг учун у қишни яхши кўради…
Бир вақтлар эгнига илган тўни билан кўчага чиқаркан, ўзини анча хавфсиз ва муҳимроқ ҳис этади. Кимгадир дўқ ураркан, тўн унинг ички увадаларини яширади. Бироқ, бугун ойнадан тушаётган нурлар кайфини тирриқ қилди. Боши айланиб, кўз олди қоронғулашди. Ўрнидан туриб шахт билан тўнини эгнига илди. Ниманидир ўйлади-да, одатга хилоф тарзда яна жойига қайта ётди.
Шифтга тикилиб ётаркан, соат миллари уни ташқарига ЧИҚишга ундарди…. Ташқарида баҳор дараклари кўрина бошлаган. Бир кун аввал бу кўчалардан ўтаётган бир икки одамни ҳисобга олмаса, деярли ҳеч ким кўринмасди. Онда – сонда тўқнаш келганинг одамларнинг эса қовоқлари солиқ, юзлари тунд эди. Бугун эса гўёки бошқа бир ердан кўчиб келгандек, кўча одамлар билан тўлган. Ҳамма ўзини офтобга соларди. Кайфиятлар эса латифабоп.